Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт

Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.
Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз. Дарҳақиқат, Мустақил давлатнинг байрамлари ҳам халқ табиати ва анъаналарига мос бўлиши керак. Чунки, ҳар бир халқ қандай яшаши, нимани қадрлаши, қайси саналарни тантана қилишини ўзи ҳал этади. Бунда ўз тарихидан келиб чиқади, бугунини ўйлайди ва келажагини кўзда тутади.
Инсон бор экан, хотира – муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.
Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даµшатли, энг қонли қирғин бўлганини, бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир.
Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради. Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини, ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса.
Дарҳақиқат, урушнинг совуқ ва қаҳратон кечинмаларини фақатгина жанг майдонларида қатнашган қаҳрамонларимиздек, ҳеч биримиз ҳис қила олмаймиз. Уларнинг айтиб берган кечинмалари барчамизга оддий бир ҳикоядек туюлади. Аммо, ўша ҳикоянинг даҳшатли воқеалар ривожи ўз-ўзидан баён этилиб қолмаган.
Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларнинг барчасини ўз бағрига олиб, нафақат бошпана бергани, ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими?
Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.
Бунинг яққол ифодасини пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида ва жойларда барпо этилган Хотира майдонлари айни шу кунларда урушдан қайтмаганларни эслаш, уларнинг хотираси, руҳлари олдида бош эгиш учун келган ёш-у қарилар, аҳолимиз ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум бўлганида кўриш, кузатиш мумкин.
Бу ҳақда сўз юритганда, энг аввало, бизнинг эътиборимиз марказида турган энг шарафли вазифамиз – урушда қатнашган, бугун сафимизда бўлган, ҳар қадамда бизни қўллаб-қувватлаб келаётган фахрийларимизни алоҳида таъкидлашимиз керак.
Ўйлайманки, ҳаммамиз яхши биламиз – биз яшаётган ҳаёт – бу оқар дарё, дейди халқимиз. Яъни, бошқача айтганда, бу дунё ғанимат эканини эсимиздан чиқармасдан, бешафқат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизни қадрлаш, эъзозлаш, умрини узайтириш, уларни эслаб, ҳолидан хабар олиш, руҳини кўтариш – бундай эзгу ишлар барчамизнинг энг олижаноб бурчимиз бўлиши шарт.
Тумандаги “Мунчоқтепа” маҳалласида истиқомат қилувчи Мусаев Ҳайит бобо, 1942 йил май ойида кўп қатори армия сафига чақирилди. -Поездда, Касбий денгизида пароходда юриб 1942 йил 12 июнда Болошов шаҳрига бориб, 2 ой саккиз кун машқ қилдик. 1942 йил 20 август куни кечаси тревога бўлди. Шу кечаси пиёда йўлга тушиб, ўн олти кун кечаси ва кундузи йўл босиб, Сталинград шаҳрига келдик. Саккизинчи сентябрь куни жангга кирдик. Сталинград шаҳрига немислар 17 июлда бостириб келган. Икки юз кун жанг бўлди. Менга шу жангнинг 91 кунида 8 декабрда оғзимдан ўі кириб, елкамдан чиқиб кетган. Мен шу жанг майдонида ҳушимдан кетиб, қолиб кетганман. Тирик қолган жангчилар ҳужжатларимни олиб, штаб раҳбарларига топширган. Полкда мени ўлган ҳисоблаб, уйимга “Қора хат” юборишган.
Ўзи тирик, аммо қорахат келган қаҳрамонимиз кечинмалари
Жанг бўлган майдон холи бўлгандан кейин санитарлар ярадорларга ёрдам бериш учун, сапёрлар ўлганларни кўмиш учун жанг майдонига чиққан. Сапёрлар мени ўлган деб ўйлаб, кўмиш учун бомба ҳосил қилган чуқурлардан бирига олиб келаётганида юрагимнинг ураётганини сезиб қолади ва санитарларга хабар беради. Санитарлар кўргандан кейин, мени аравада санчастга юборишади. Шу жароҳат туфайли Камишин, Саратов ва Челябинск шаҳарларида 6 ой даволандим -дейди Ҳайит бобо. Жароҳат излари битмаса ҳам юрагида шижоат билан яна қайта курашга кирган қаҳрамонимиз ҳаёти ибратга бойдир. Иккинчи марта ҳам Днепр, Крименчук ва Кривойрог шаҳарларини озод этишда қатнашиб, бошидан яраланади, 4 ой Украинада даволанади. Белоруссиянинг Гомель шаҳрини озод қилишда қатнашиб, учинчи марта оёғидан яраланади. Олган жароҳати туфайли Брянск, Тамбов ва Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳарларида даволаниб, комиссия 1 гуруҳ ногирони деб, 1944 йил уйига қайтаради. Кези келганда арзимас оғриқларга ҳам чидай олмаймиз, бироқ, уруш вақтида жонлари азобда қолса ҳам, ватанимизни душманлар қўлида қолдирмаслик учун, қаҳрамон отахонларимиз ўз жонларини гаровга қўйиб, жанг қилишган.
Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат.
Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, эл-у юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.
Зеро, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА