“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида Қумқўрғон тумани

Ўзбек халқининг кўп асрлик қадриятлари ва анъаналарини ўзида тараннум этувчи «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди.
7-8 май кунлари Сурхон воҳасининг сўлим Бойсун туманидаги «Паданг» қишлоғида ўзбек халқининг кўп асрлик қадриятлари ва анъаналарини ўзида тараннум этувчи «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали ўтказилди. Фестивалга республикамизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек, хорижий давлатлардан меҳмонлар ҳам ташриф буюришди.
Фестиваль доирасида халқ сайиллари, концертлар, миллий таом ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари ташкил этилди. Иштирокчилар томонидан йўқолиб бораётган халқ оғзаки ижоди намуналари, термалар, лапарлар ижро этилди. Миллийлигимиз акс этган либослар, тақинчоқлар, уй-рўзғор буюмлари кўргазмаси намойиш этилди. Қумқўрғон тумани “Хуррият” маҳалласида истиқомат қилаётган уста Равшан Соипов ўзи қўл меҳнати асосида тайёрлаган ҳунармандчилик буюмлари билан иштирок этди. Устачилик, ҳунармандчилик касби билан ота-боболари ҳам шуғулланганлигини таъкидлаб ўтди. Ҳозирги кунда касб сирларини фарзандларига ҳам ўргатганлигини, ҳалол меҳнати орқасидан рўзғори обод, турмуш тарзи фаровонлигини айтди. ”Улуғбек” маҳалласида яшовчи Қулматова Турдигул бир-биридан чиройли мунчоқлар ясайди ҳамда тўқийди. Мунчоқларнинг ҳар бир донасида қадриятларимиз акс этади. Шода қилиб тахланган кўз нури кетган мунчоқларни кўриб дилингиз яйрайди. Тикувчилик, қуроқчилик йўналишида ўзлари тиккан маҳсулотлар билан қатнашган Ҳимматова Хадича, Раҳманова Бўрихол, Алмардонова Гулчеµра, Жўраева Заргуллар иштирок этишди. Ушбу қўл меҳнатлари ортида самарали меҳнат қилаётган, уюшма аъзоларини қўллаб турган Қумқўрғон тумани “Ҳунарманд” бўлими бошлиғи Улдона Худоёрованинг ҳам хизмати беқиёсдир. Туманимизнинг кўзгуси бўлган М.А.Қорабоев номли Жанубий Сурхон сув омборининг кичик кўриниши меҳмонларда ўзгача таассурот уйғотди. Ушбу фестиваль барча иштирокчиларни очиқ осмон остида миллийлигимиз акс этган қадриятлар билан жамулжам тарзда бирлаштирди.