Аждодларга муносиб ёшлар

Амир Темур – ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир.
Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил ҳам улуғ саркарда таваллудининг 686 йиллиги тадбирлари катта хурсандчилик билан ўтказилди. Ушбу сана муносабати билан тумандаги 33- мактабнинг иқтидорли ўқувчилари ўртасида “Қумқўрғон садоси” газетаси таҳририяти ташаббуси билан расмлар ҳамда иншолар кўрик-танлови ўтказилди. Ғолиб бўлган ўқувчилар Қурбонмуродов Абдураҳмон, Мамадалиев Ҳусан, Муродалиева Дилшода, Мамасафарова Фарангиз, Хуррамова Назира, Тожиева Азизаларга таҳририят томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Адолат кучда эмас, куч адолатдадир, деган шиор Амир Темур салтанатининг барча ҳудудларида ахлоқий-маънавий мезонга айланган. Улуғ аждодимиз ўз тузукларида “…амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар”, деб ёзади. Ана шундай адолат асосида ўрнатилган тартиб-таомиллар мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлаган, одамларни ҳалол меҳнат қилишга, тадбиркорлик, яратувчанлик руҳи билан яшашга ундаган. Келажак авлодимиз бўлган ёшларнинг қалбида ватанпарварлик ҳиссини уйғотишда Амир Темур ўгитларининг ўрни беқиёсдир.