Қумқўрғоннинг алп ўғлони

Ҳар бир хонадонда фарзанд дунёга келар экан яхши ниятлар билан исм қўяди. Кўп жиҳатдан инсон тақдирига қўйилган исми ҳам катта аҳамият касб этади. Бугунги саҳифамиз қаҳрамони бўлган “Fajr Open” халқаро турнирда кумуш медалга сазовор бўлган Қумқўрғон туманидан фахримизга айланган Жаҳонгир Худойбердиевдир.
Жаµонгирга ҳам ота-онаси яхши ниятлар билан исм қўйишди. Жаҳонгир исмининг маъноси форс – тожикчадан олинган бўлиб, “Ғолиб”, “Музаффар”,-деган маъноларни англатади. Жаҳонгир 2003 йил 8 январда Қумқўрғон тумани “Боймоқли” маҳалласида туғилган. Болалигидан зукколиги, билимга чанқоқлиги билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турган. Ота-онаси фарзандининг спортга қизиқишини кўриб 2013 йилда “Янгиер” маҳалласида фаолият олиб бораётган “Taekwondo WT” спорт машғулотига беришади. Қисқа фурсат ичида Жаҳонгирнинг спортга бўлган қизиқиши ўз натижасини кўрсата бошлади. 2014 йилда “Taekwondo WT” спорт тури бўйича туман ҳамда вилоят чемпионлигини қўлга киритди. 2015 йил қаҳрамонимиз учун омадли келди. Ушбу йилда Ўзбекистон чемпиони ва Қозоғистонда ўтказилган Халқаро очиқ турнирда 3 ўринни эгаллаб бронза медалини қўлга киритди. Барча пиллапоялардан босқичма-босқич ўтиб борган Жаҳонгир 2015 йил Малайзиянинг Kуало – Лумпур шаҳрида ўтган “Classic A” Осиё очиқ турнирида 1 ўриндан жой олиб олтин медални қўлга киритди. Жаҳонгирнинг бошқа тенгдошларидан фарқи машғулотларга доимий равишда қатнашганлигидир. 2018 йилда Корея Республикасининг Же Сон шаҳрида ўтган “КOREA ОPEN” халқаро –кубигида 2 ўринни эгаллаб кумуш медални қўлга киритди. Албатта, бу эндигина 15 ёшга киришига қарамасдан эришган барча ютуқлари Жаҳонгир учун катта меҳнат самараси бўлган. Спорт машғулотлари билан биргаликда мактабда таълим олиш жараёнини ҳам баробар олиб борди. Барча фанларни аъло баҳолар билан ўзлаштирди. 2019 йил ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида чорак финалгача етиб борди. 2020 йил БААнинг Дубай шаҳрида катталар олимпиадасига балл берувчи, Осиё “FUJAIRAH OPEN” мусобақасида фахрли 1 ўринни олиб олтин медални қўлга киритди. 2021 йил Қозоғистонда ўтказилган халқаро мусобақада 1 ўринни эгаллади ва юртимиз шарафини кўкларга кўтариб Ўзбекистон чемпиони бўлди. Катталар ўртасида миллий терма жамоа аъзоси 1- рақамли бўлди. 2022 йил март ойида Жаҳонгир Худойбердиев Эрон Ислом Республикаси пойтахти Теҳрон шаҳрида ўтаётган “Fajr Open” халқаро турнирида 54 килограмм вазн тоифаси бўйича баҳсга киришди. 54 килограмм вазн тоифаси бўйича даянга чиққан Қумқўрғон ўғлони Жаҳонгир Худойбердиевга омад кулиб боқди. Чорак финалда Жаҳонгир озорбайжонлик Бахруз Гулуҳзаде устидан зафар қучди. Ярим финалда фахримиз бўлган Жаҳонгир эронлик Саррош Даринига қарши жанг қилди ва бу сафар ғалаба ўзбек ўғлони томонида бўлди. Шу тариқа тўрт нафар рақибини мағлуб этди ва финалга йўл олди. Ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртимиз кумуш медаль соҳибига айланди. Катта жаҳон ареналарига бориб ғолиблик учун, ватанимиз шаънини ҳимоя қилиб рақиблар билан курашиш ўзбек ўғлонига хос бўлган фазилатдир. Бундай улкан самарали ютуқларга эришишида Жаҳонгирнинг устози “Taekwondo WT” спорт тренири Акбар Жўраевнинг ҳиссаси катта. Шогирдининг интилишини кўриб устози ҳам ўзидаги бор билим ҳамда кўникмаларни бериб борди. Доимий равишда изланишда бўлишди. Меҳнатлари самараси бугун ўз мевасини берди-ю ҳар бир устознинг орзуси шогирдини ғолиблик шоµсупасида кўриш бўлган ютуқларга Жаҳонгир эришди. Ғолиблар муносиб тарзда кутиб олинди. Жаҳонгир энди Осиё ўйинлари, Жаҳон Универсиадаси, катта Гран прилар ва Мексико давлатида катталар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқда. Жаҳонгирга доим омад ёр бўлишини, ғалаба билан қайтиб юксак чўққиларни забт этишини тилаб қоламиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА