60 ёшга кириш бахти

Қумқўрғон шаҳар маданият маркази концерт залида маданият соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган Ўрол Ҳакимовнинг 60 ёш юбилей кечаси ўтказилди. Саҳнада бошловчилар маданият соҳасинининг ривожланишига фаол ҳисса қўшган касбдошини мадҳ этувчи шеърни ифодали айтганида томошабинларнинг қувончига қувонч қўшилди. Унинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ў. Ҳакимовнинг фаолиятига назар ташласангиз ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтганлигидан ўрнак олгингиз келади. У 1962 йил 12 январда туманимиздаги «Тўғон» маҳалласида туғилди. 1969-1979 йилларда 4-мактабда таълим-тарбия ўрганди. 1979-1982 йиларда вилоят электр тармоқлари бошқармасига қарашли Қумқўрғон участкасида алоқа мантёри касбида меҳнат қилди. Иш стажига эга бўлиб 1982 йилда мусиқа ва санъатга қизиқувчи ёшларнинг билим маскани бўлган Тошкент маданий оқартув техникумига ўқишга кирди. Ўша пайтдаги туманимиз ёшлари орасида одоби, орасталиги, энг муҳим жиҳатларидан бири билимдонлиги билан ажралиб турганлиги учун техникум маъмурияти Қумқўрғон туман маданият бўлимига йўлланма билан ишга юборди. Туман маданият бўлимида ўз мутахассилигини яхши биладиган, катта амалий тажрибага эга, ёшларнинг камолга етишига хайрихоҳ раҳбарлар ишлагани учун маданият соҳасининг ёш кадрини туман марказлашган клуб тизими марказий маданият уйига методист вазифасига ишга қабул қилишди. Истеъдод соҳиби ўзининг билими ва қобилиятини кўрсатиб, лавозим босқичларидан поғонама-поғона кўтарилди. Автоклуб мудири, методика бўлими мудири, қишлоқ клуби мудири, қишлоқ маданият уйи директори лавозимларида маданият соҳаси намуналарини кенг тарғиб қилди. 1991 йил январь ойидан 2015 йилгача шаҳар маданият уйи директори, 2015 йил октябрь ойидан 2017 йилгача жамоа раҳбари лавозимларида фаол ишлади. 2017 йилдан Қумқўрғон туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори, 2020 йил октябрь ойидан буён туман маданият бўлими маданий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассис вазифасини бажараяпти.
Хушмуомалали, маданият ишларининг уддабурони ижтимоий соҳаларда, кўрик-танловларда қатнашиб, нафақат туман миқёсида, балки вилоят ва республика тадбирларида яхши натижаларга эришди. 1996-2011 йилларда жамоатчилик асосида туман маданият ходимлари касаба уюшмаси қўмитаси раиси лавозимида ишлаганида маданият ходимларини рағбатлатириб, иш фаолиятларини ривожлантиришга раҳбарлик қилди. 2010 йил Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерациясининг X Қурилтойи ва 2011 йил навбатдан ташқари XII Қурилтойида вилоят маданият ходимлари касаба уюшмаси томонидан делегат бўлди. 2011 йил «Энг фаол маънавият тарғиботчиси» кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида фахрли ўринларни эгаллаб, республика босқичида қатнашди. 2016 йилда туман марказида «Ўтов» фольклор-этнографик жамоасини ташкил этиб, халқимизнинг миллий урф-одатлари асосидаги мусиқалари ва қўшиқларини ижро этишни йўлга қўйди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2020 йил 11 январдаги 1-сонли қарори билан бу жамоа фаолиятига юқори баҳо бериб «Ўтов» фольклор-этнографик Халқ ҳаваскорлик жамоаси унвонини берди. Истеъдодли раҳбар 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллик эсдалик кўкрак нишони билан мукофотланди.
Кўп меҳнат ютуғига эришган туман маданият бўлимининг таниқли санъаткори Ў. Ҳакимовнинг юбилей тантанасига узоқ ва яқиндан маданият ходимлари келиб қатнашди. Туман маданият бўлимида турли йилларда мудир бўлган Ҳабиб Раҳмонқулов, Бозор Ҳакимов, Ҳалима Раимова, Маматқосим Абдуллаев, Азаматжон Рихсиев қизғин табрикларини айтди. Тошкент маданий оқартув техникумида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан бориб ўқиган тенгдошлари қалб сўзларини айтиб, курсдошига эътибордан мамнунлигини билдирди. Вилоят бахшичилик мактаби директори Алланазар Эшмирзаев маданият мутахассисининг фаол меҳнатини эътироф этди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, Қизириқ тумани ва вилоят матбуот нашрларида бош муҳаррири лавозимида фаол ишлаган, шоир Жуманазар Аноров маданият, партия ходими бўлган шогирди ҳақида дил изҳорларини гапирди. Табриклар куй-қўшиқларга уланди. Хушовоз санъаткорлар Холбой ТЎраев, Шавкатжон Холиқов, «Маҳлиё», «Боботоғ гуллари», «Ўтов» фольклор-этнографик халқ ҳаваскорлик жамоалари, 11-болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодлари намунали ижрочилик маҳорати билан барчани хурсанд қилди. Мароқли ўтган тадбир иштирокчиларнинг ёдида сақланиб қолди.
Н. МУҲАММАДИЕВ