Аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланади

Коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб ушбу субъектларни жадал қайта тиклаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 июль куни
ПФ-6029-сонли “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасида фаолият юритаётган жисмоний ва юридик шахсларга 2020 йил               1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар қуйидаги имтиёзлар берилди:

  1. Умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.
  2. Жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
  3. Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб туриладиган бўлди.
  4. Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, Фармон билан 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади ҳамда умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайдиган бўлди ҳамда ваколатли органлар аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг
2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтирилди.

Ушбу Фармон билан бошқа бир имтиёзлар берилди. Ушбу имтиёзларнинг барчаси аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасинида фаолият юритаётган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш мақсадини кўзлайди.

Қумқўрғон туман адлия

бўлими бошлиғи

1-даражали юрист                                                               Р.Султанов