Аждодлар айтган яллалар

Тарихдан маълумки, эл, элат, уруғ жамоаларида ўзларининг урф-одат, қўшиқ, куй, яллалари бўлган. Наврўз умумхалқ байрами замирида ҳам халқимизнинг азалий қадриятлари авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Наврўзнинг бетакрорлиги шундаки, у ўзида халқ дарди, ўзлиги ва борлиғини бутун бўй-басти билан намоён этади. Биз ижодий фаолиятини қаламга олаётган «Боботоғ гуллари» фольклор-этнографик халқ ҳаваскорлик жамоаси аждодлар анъаналарини тўплаб, мароқ билан ижро этиш йўлига тушган.

Жамоа фаолларидан Фотима Холбоеванинг айтишича, бу санъаткорлар жамоаси мамлакатимиз мустақиллиги билан тенгдош бўлиб, 1991-1992 йилларда Янгиер қишлоҚидаги 1-туман шифохонаси қошида ташкил этилган. Шифохона ҳамширалари, фаррош ходимлари жам бўлишиб ҳаваскор санъаткорлар гуруҳини тузган. Уларнинг ижрочилик маҳорати ривожланиб, туман ва вилоят миқёсида бўлган кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашган. Кейинчалик ҳаваскорлик жамоаси тарқаб кетди.

2017 йили бу жамоа Янгиер маҳалласида яшовчи Анор мома Эшқобилова томонидан яна тикланди. Шу тариқа Янгиер маданият марказида фольклор-этнографик жамоаси тузилиб, «Боботоғ гуллари» номи берилди. Унга ўзи жамоа бадиий раҳбари бўлиб, атрофига азалий қўшиқчиликдан хабари бор, саҳна маданиятига эга 60-70 ёшлардаги кайвони момаларни жамлади. Норгул Мустафоқулова, Тожихол Холмуродова, Хадича Кўчарова, Гулбаҳор Жўраева, Гулистон Ашурова ва Фотима Холбоевалар бадиий раҳбарнинг синовидан муваффақиятли ўтишди. Бу мўъжазгина жамоа репертурини доимо бойитиб келмоқда. «Алла», «Ўлан», «Сурхон эли», «Алпомишни куйлаб беринг», «Чеча ва қайнсингил айтишуви», «Салла», «Ҳай ёра» каби деярли унутилаётган фольклор асарларни халқ сайлларида, байрам ва томошаларда бетакрор тарзда ижро этмоқда. Ҳар бир иштирокчи қайнанасидан, тоғаси-ю аммасидан, ота-онасидан ўрганган бир чимдимгина бўлса-да кўҳна қўшиқни ўз оҳангида саҳнага олиб чиқишга, тингловчиларга етказишга интилади.

Бу халқ ҳаваскорлик жамоаси турли кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллади. Вилоятда бўлиб ўтган «Эсга тушган аллалар» фестивалида фахрли биринчи ўринни, 2019 йили «Онам айтган алла» Республика кўрик-танловида фахрли иккинчи ўринни, Биринчи Бахшичилик фестивалида, Жарқўрғон туманида бўлган «Миллий либослар» фестивали вилоят босқичида фахрли учунчи ўринни, «Бойсун баҳори» фестивалида фахрли ўринларни эгаллаган. Жорий йил 25 февраль ҳам эсда қоларли бўлди. Жамоа санъаткорлари ижро этган халқчил лапар ва айтишувлар вилоят ҳокими Тўра Боболовга ҳам манзур бўлди. Вилоят ҳокими «Боботоғ гуллари» фольклор-этнографик халқ ҳаваскорлик жамоаси энди ўз уловига эга бўлади. Уларга «USYZI» микроавтобус ажратилади, деди. Шу билан бирга жамоа чиқишлари учун 50 миллион сўм маблағ ҳамда жамоа аъзоларига «Марварид» санаториясида даволаниш учун йўлланма ҳам ажратиладиган бўлди.

Номоддий маданият ҳам халқнинг ўзлигини намоён этадиган, қолаверса авлоддан авлодга ўтиб янада бойиб борадиган маънавий мерос ҳисобланади. Халқ ҳаваскорлик жамоаси бу борада тинмай изланиш йўлидадир.

  Ўрол АБРАЕВ,

             Янгиер маҳалласи