«Жамият ва оммавий ахборот воситалари» анъанавий Х Чимён медиафоруми

Чимён медиафоруми республика журналистлари тажриба алмашадиган медиа майдон бўлди. Республикамизнинг пойтахтидан келган кўп йиллик иш тажрибаларига эга журналистлар, оммавий ахборот воситаларининг бошлиқлари соҳага жорий этилган ва этилаётган янгиликларни маҳаллий матбуот, ижтимоий тармоқларда фаолият юритадиган, телевидение ва радиода меҳнат қилаётган ижодкорларга етказди.

Уларнинг маърузаларида ¤збекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, “Дунё” Ахборот агентлигининг ўрни ва иш тажрибалари, Ўзбек журналистикасининг янги даври каби мавзулар ёритилди. Медиафорумда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Дунё» Ахборот агентлиги бош директори, тажрибали дипломат-журналист Садриддин Суяров замонавий журналистикадаги тенденциялар хусусида тўхталиб, форум иштирокчилари билан «Дунё» Ахборот агентлигининг иш тажрибасини алмашишди. Ахборот агентлиги бошлиғи электрон журналистика тарихи ҳақида гапирар экан, аввало унинг тарихига тўхталди. “Журналистика соҳасида тарихий бир даврда ишлаяпмиз. Электрон журналистика Японияда 1990 йилларда ривожлана бошлаган бўлса, юртимизга 1996 йилларда кириб келиб, 2010 йилдан мобиль алоқадан фойдаланиш кенг оммалашди. Анъанавий босма ОАВларига рақобатчи тарзда электрон ахборот алмашиш воситалари, мессенжерлар, блогерлик фаолияти кириб келди. Жараён шуни тақозо этадики, газеталар янгича услубда ишлашга ўтиши зарур, яъни барча етакчи воситаларда ахборот узатишни йўлга қўйиши, видеоконтентлар билан бойитиши керак,- деди Садриддин Суяров.- «Дунё» Ахборот агентлиги дастлаб «Жаҳон» ахборот агентлиги номи билан фаолият юритган. Чет элларда 12 та мухбирлик тармоқларига эга бўлган. Агентлигимиз мухбирлари дипломат сифатида рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатишган. Айни пайтда 8 та мамлакатда мухбирлик пунктларимиз мавжуд. Жорий йил охирига қадар хорижий тармоқларимиз сони 20 тага етказилади. Мухбирларимиз фаолияти ¤збекистон ҳақида туркум мақолалар тайёрлаш, хориждаги ўзбек аудиторияси учун ахборотлар етказишдек масъулиятли ишлардан иборат. Мухбирларимиз учун асосий мезон нафақат чет тилларини билиш ва журналистик материаллар ёзиш қобилиятига эга бўлиш, балки тилшунос бўлиш билан бирга мамлакатшунос, ўлкашунос бўлиши, қизиқарли ёндашувлар асосида материал тайёрлай олиши ҳам зарур.” Агентлик директори ушбу медиафорум орқали маҳаллий журналистлар, ижодкорлар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланишини эътироф этди. Зарур кўникмаларга эга журналист кадрлар билан «Дунё» Ахборот агентлиги ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўзбек журналистикасининг янги даври мавзуси ҳам журналистларнинг эътиборини ўзига қаратди. ¤заро тажриба алмашиш мақсадида ўтказилган мулоқотларда ижтимоий тармоқлар, онлайн журналистикаси, мавжуд оммавий ахборот воситаларида бу янги соҳадаги фаолиятни ташкил этиш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

             Р. МЕНГЗИЯЕВА