Отам китоблар олиб келиб ўқитган

Маълумки газетхонларга китобхонлик мавзусида анкета саволларимизни ҳавола қилганмиз. Китоб ўқишни яхши кўрадиган, асар қаҳрамонларининг фазилатларидан ибрат олаётган, ёшларга тўғри маслаҳатлар бераётган таниқли раҳбарлар билан суҳбатлашаяпмиз. Уларнинг бир-бирига ўхшамас, инсонлар ўрнак олса маънавияти ривожланадиган фикр-мулоҳазаларини газетхонлар билан баҳам кўраяпмиз. Бугун туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Қўйлиев Равшан Холбоевич билан суҳбатимизни ўқиш сизга мароқли бўлади, деб ўйлаймиз.

– Неча ёшда китобга меҳр қўйгансиз?

– Мактабда ўқиётган ёшимдан китоблар ўқияпман. Бизнинг болалигимизда боғча бўлмаган. Шунинг учун мактабда билимлар ўрганишим, китоблар ўқишим шаклланди.

– Илк ўқиган китобингиз сизда қандай таассурот уйғотган?

– Биринчи ўқиган китобим романнафис ёзувчи Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён», замондош ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» асарлари бўлган. Уйимизда катта ҳажмли «Алпомиш» достони бўларди. Шу китобни ва бир қанча достонларни қизиқиб ўқиганман.

Ўқиган асарларингиз ичида қайси ибратли жиҳатлардан таъсирландингиз?

– Афсонавий қаҳрамон, ўзбек баҳодири Алпомишдан мардликни, ўз юртини садоқат билан қўриқлашни ўргандим. Бу ҳозир ҳам ёдимда сақланиб қолган. Соҳибқирон Амир Темурнинг «Темур тузуклари» асарини ўқидим. Китобдан кўп таассуротлар олдим. Ўзбекистон мустақил бўлгач, асарда ёзилган давлат бошқаруви, сиёсат юритиш, ҳақиқатгўйлик фазилатлари, адолатнинг кучлиги ҳақидаги кўп маслаҳатлари янги замоннинг таркиб топиши ва жорий этилган ишларни амалга оширишда қўл келди. Абдулла Қодирийнинг ҳамма асарларини ўқидим. Айниқса «Ўтган кунлар» асарини тўрт-беш марта ўқиб чиқдим. Бу китоб менга ёқди.

– Шу вақтгача тахминан қанча асар ўқидингиз?

– Мактаб давридан бошлаб анча китоблар ўқидим. Отам уйимизга кўп китоб олиб келарди. «Роман ўқинглар, дунёқарашларинг ривожланади» дер айтарди. Шу сабабли китобларга меҳримиз ошиб, отам олиб келган китобларни мунтазам ўқирдик. Китобларга яхши муносабат отамдан биз фарзандларига ўтган.

– Охириги ўқиган асарингиз?

– Таниқли ёзувчи Тоҳир Маликнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги китобини ўқидим. Менда яхши таассуротлар қолди.

– Ёш авлодга қандай тавсия берасиз?

– Ҳозир болаларимиз университетда таълим-тарбия ўрганаяпти. Улар электрон адабиётлар, компьютердан китобларни ўқияпти. Тўғри, ҳозир замон ривожланиб, қулайликлардан фойдаланиш имкони ошди. Лекин қўлга китоб олиб ўқишнинг завқи, таъсири кучли. Болаларнинг қўлида китоби йўқ. Менинг фикримча, қўлда китоб бўлиши керак. Фарзандларимга китоб ўқи деяпман.

Ҳозир китобхонликка эътибор кучайди. «Ёш китобхон» танлови ўтказилаяпти. Истеъдодли ёшлар кўп китоб ўқиётганлигини кўриб ҳавасим келаяпти. Кўп китоб ўқиган одамнинг маънавияти, маърифати, мафкураси тоза, қалби пок бўлади. Ҳамма иллатлар илмсизликдан келиб чиқади. Кимдир техникаларни созловчи уста, бошқа биров қурувчи ҳунарига эга. Китоблар ўқиган саводли мутахассис бўлиб етишади. Телевизордаги кўрсатувларда ақидапарастликка берилган одамларни кўрсатаяпти. Уларнинг дунёқарашида бўшлиқ пайдо бўлганлиги учун шундай кераксиз, нотўҚри оқимларга кириб кетаяпти. Китоб ўқиса бўшлиқ бўлмайди. Тил билган эл билади.  Ёшлар чет давлатга бориб ўқияпти. Айримлар чет элга бориб яхши ишлаяпти. Менинг кўнглим тўлаяпти. Китоб ўқиган одам илмли бўлади, дунёқараши ривожланади. Иши баракали бўлиб, ҳаётдан ўз ўрнини топади. Ёш авлодга кўпроқ китоблар ўқишни маслаҳат бераман.

                       Суҳбатдош

           Н. МУҲАММАДИЕВ