Абдулла Авлоний номидаги илмий-текшириш институти ҳамда Герцен номидаги Россия Давлат педагогика Университети ҳамкорлигида “Zo`r” (Класс) лойиҳаси доирасида ўтказилган рус тилини билиш даражасини белгиловчи синовдан муваффақиятли ўтган рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига ТРКИ С1 сертификатлари Қумқўрғон тумани Халқ таълим бўлимида топширилди.
23 нафар ўқитувчи сертификатларга эга бўлди. Жумладан, 23 нафар сертификат олган ўқитувчиларнинг 5 нафари 33-мактабнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиларидир. Бўтаева Феруза, Фозилов Илёс, Мўйинова Ситора, Аюпова Гулшохида, Болтаева Лайлолар ўз устида мукаммал иш олиб боргани учун юқори натижаларни қўлга киритишди. Ушбу мактаб жамоасига туҳфа сифатида 33-мактабнинг 11 синф ўқувчиси Ёдгоров Жавоҳир ҳам ўқувчиларнинг рус тилини билиш даражасини аниқлаш тестлари натижаларига кўра ТРКИ – I (В1) даражадаги сертификатни қўлга киритди. Жавоҳирнинг эришган ютуғида албатта устозларининг меҳнати мужассам.
Юртимизда рус тили фани ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Энди рус тилини билиш даражасини кўрсатувчи сертификат C1 кўрсаткичидан паст бўлмаган ўқитувчиларнинг иш ҳақига 50 фоиз устама белгиланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг “Чет тилларни ўрганишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган. С1 даражаси рус тилида равон гапириш ва ишлаш имконини англатади.
Ушбу сертификат ўқитувчининг адабиёт ва тарихни билиши ҳамда рус халқи маданиятидан хабардор эканлигини тасдиқлайди. Имтиҳон тинглаш, луғат, грамматика, ўқиш, ёзиш шартлари бўйича ўтказилади. Имтиҳоннинг биринчи кунида тест синовларидан муваффақиятли ўтганлар сўзлашув босқичига ўтади. Мазкур ҳамкорлик орқали Қумқўрғон туманида мактабларда рус тилини ўқитиш, ўргатиш сифати сезиларли яхшиланиб бормоқда.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА