Қумқўрғон туман ҳокими Р. Гаппаровнинг 8-март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан йўллаган табриги

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар, дилбар қизлар! Табиат уйғониб, тобора чирой очаётган мана шу шукуҳли айёмда сиз азизларни, Сизлар орқали барча аёлларни 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.
Биз ҳаёт фалсафаси, маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини яратганнинг тенгсиз мўъжизаси деб улуғлаймиз. Ҳақиқатдан ҳам, гўзаллик ва нафосат, меҳр-у муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файз-у тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак арзийди.
Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.
Туманимизда ҳам аёллар доимий эътиборимиздадир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг биринчи ярмида 3082 нафар хотин-қизлар 9 тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилди. Аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида “Аёллар дафтари” жамғармасидан 338,5 миллион сўм, бандлик бош бошқармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан 990,4 млн сўм маблағ ажратилди. Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд 464 нафар аёлларга 490 минг сўмдан жами 227 миллион 360 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож, амалий ёрдам кўрсатилган I-II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга 149 миллион 940 минг сўм, уй-жойини таъмирлашга муҳтож амалий ёрдам кўрсатилган I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга 38 миллион 710 минг сўм, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизларга 133 миллион 610 минг сўм, қаромоғида 1 ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд, амалий ёрдам берилган ёлғиз аёлларга 55 миллион 860 минг сўм, тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёлларга “Аёллар дафтари” жамғармасидан 826,8 миллион сўм, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан 204 миллион сўм, бошқа ҳомийлик маблағларидан 22 миллион сўм маблағ ажратилди. “Аёллар дафтари” га иккинчи босқичда 2577 нафар хотин-қизлар киритилди. Боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, қаромоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган фарзандлари бор жами 358 нафар аёлларга “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир марталик жами 175 миллион 420 минг сўмлик моддий ёрдамлар берилди. 31 нафар ишсиз аёлларга 92 миллион 969 минг сўмлик маиший техникалар тарқатилди. 2 нафар нуроний онахонлар “Термиз марвариди” ва “Хўжаипок” сиҳатгоҳларида соғломлаштирилди. Жорий йилда ҳам «Аёллар дафтари» жамғармасига 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Бизнинг асосий мақсадимиз аёлларимизни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Туманимизнинг аёллари ҳар соҳада ўзларининг меµнаткашлигини ҳамда зукколигини кўрсатишмоқда. Жумладан, “Умидахоним миллий ширинликлари” хусусий корхонаси раҳбари Матлуба Аманова “Анор – 2021” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1 ўринни эгаллаб, Республика босқичида қатнашиб фахрли ўринни қўлга киритди. “Жийдали” маҳалласида истиқомат қилаётган 70 ёшдан ошганига қарамасдан узумзор барпо этиб тадбиркорлик қилаётган Беккам ая Музаффарова куни кеча Тошкент шаҳрига бориб қилган меҳнатлари юқори баҳоланиб тақдирланиб келди. Бу ютуқлар албатта барча тумандошларимизникидир.
Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди.
Гўзаллик ва нафосат айёми – 8 март байрамини биз ҳар сафар катта қувонч ва ҳаяжон билан кутамиз. Чунки, бу қутлуғ айём қалбимизда, юрагимизда сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун яна бир катта имконият беради.
Шу маънода, агарки бу байрам бизнинг ҳаётимизда бўлмаган тақдирда ҳам мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизнинг ҳурмати учун бундай байрамни, албатта ташкил этган бўлардик.
Мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин!
Айни шу дамларда қалбимда, юрагимда сизлар учун доимо сақланиб келаётган чуқур ҳурматимни изҳор этиб, бир фикрни билдирмоқчиман. Аёл зотига, айнан сизларга мансуб гўзал фазилатлар, ҳаётимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ҳамжиµатлик ва аҳиллик каби инсоний туйғуларни янада юксалтириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги эзгу интилишларингиз, беқиёс хизматларингиз учун бутун юртдошларимиз, халқимиз номидан барчангизни байрам билан муборакбод этишни ўзимнинг бурчим деб биламан. Яна ва яна бир бор сизларни баҳор ва нафосат айёми бўлмиш 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклайман. Умрингиз узоқ, ризқ-у насибангиз зиёда бўлсин.