Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ушбу қарорга асосан жамоат тарбиячисини тайинлаш тартиби қуйидагича этиб белгиланган:
Вояга етмаганларнинг жамоат тарбиячиси этиб 30 ёшга тўлган, биринчи навбатда вояга етмаган шахслар билан камида икки йил ишлаш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, жинси, оилавий аҳволидан қатъи назар, ўзининг ҳаётий тажрибаси ва ахлоқий фазилатлари билан ижобий таъсир кўрсата оладиган, ўз зиммасига назоратсиз ва қаровсиз қолган ҳамда ҳуқуқбузарлик ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вояга етмаганларни тарбиялаш вазифасини оладиган шахс тайинланиши мумкин.
Вояга етмаганларга жамоат тарбиячисини танлаш ва тайинлаш ҳақидаги қарор Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия ёки суд томонидан қабул қилинади.
Комиссия томонидан жамоат тарбиячиси қуйидаги холларда вояга етмаганларга нисбатан тайинланади:
– назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаган шахсларга;
– ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган ёки тарбия колонияларида жазони ўтаган вояга етмаган шахсларга;
– болани тарбиялашда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига.
Суд томонидан жамоат тарбиячиси қуйидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан тайинланади:
– шартли ҳукм қилинган вояга етмаган шахсларга;
– озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган вояга етмаган шахсларга;
– тарбиявий таъсир қилиш ёки маъмурий жазолаш чоралари кўрилган вояга етмаган шахсларга;
– озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган вояга етмаган шахсларга.
Жамоат тарбиячиси этиб кимлар тайинланиши мумкин эмас:
– муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлган шахслар;
– илгари содир этган жинояти учун судланган шахс;
– ўзига нисбатан жиноий таъқиб амалга оширилаётган шахс;
– ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахс;
– ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилган, бола билан шафқатсиз муомалада бўлган шахслар;
– сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка ружу қўйган шахслар;
– собиқ тутинган ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар, агар болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув ёки фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;
– ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
– соғлиғи туфайли жамоат тарбиячиси мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар;
– ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришдан уч маротаба бош тортган жамоат тарбиячиси, тайинланиши мумкин эмас.
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон
туман судининг девонхона мудири: Т.Тажиев