Бахт ортидаги сароб

Бахт у нима?

Дастурхонингда,

Қўлинг куйиб ушатилган нон.

Ёки қушлар ҳадиксиз учган,

Бизга насиб этилган осмон!

Инсоннинг дунёга келиши – бахт! Кимгадир севганига уйланиш – бахт! Фарзандли бўлиш – бахт! Кимгадир меҳр қўйган касби билан шуғулланиш – бахт! Ота-она дуосини олиш – фарзанд учун бахт! Оила қуриб бахтли ҳаёт кечириш ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Ҳозирги кунда оила қурганига бир неча ой бўлиб ажрим бўлаётган оилалар кўпайиб кетаяпди. Яқинда ёш оилани муросага келтириш учун иштирок этишимга тўғри келди. Турмушини ёлғондан бошлаган келинчак пушаймони юрагимни ларзага солди. Бўлажак турмуш ўртоғи билан қариндошларининг тавсияси асосида учрашиб, бир-бири билан аҳди паймон қилишиб, турмуш қуришади. Келинчакнинг оёғининг битта бармоғи  озгина бошқа бармоғининг устига чиқиб турарди. Аммо, у мени ногирон демасин, деб бўлажак турмуш ўртоғига айтмайди. Тўйдан сўнг ҳам, қирқ кун чилласи чиққунича буни сир сақлайди. У оёғидан пайпоғини ечмасди. Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади,- деб бежизга айтишмаган. Бир куни ёш куёв  телефон орқали бўлаётган опа-сингил суҳбатини тўсатдан эшитиб қолади ва барчасидан хабардор бўлади. Шу кундан бошлаб барча қизлар орзусидаги бахтли кунларга барҳам берилади. Қуда-андалар орасига совуқчилик тушади. Куёвга алам қилгани турмуши ёлғондан бошланганлиги бўлади. Келин қанчалик ялиниб ёлвормасин кечирмаслигини айтади. Азиз қизларжонлар  бир умрлик умр йўлдошингизни танлаганингизда орангизда ҳеч бир сир -синоат бўлмасин. Яхши- ёмон кунингизда ҳамроҳ бўладиган суянчиғингиз билан ўртангизда ишонч мустаҳкам бўлсин. Барча орзу қилгандек ҳаётни бахтга қоришиб яшанг. Келин арзимас камчиликни, деб ҳатто ногиронлик даражасида бўлмаган айбини яшириб ўзи яратган бахтни поймол қилди. Бўлажак куёвлар ҳам оила муқаддаслигини  ёдда тутиб қарор қабул қилишса мақсадга мувофиқ бўлади. Орамизда баъзи одамлар турмуш ўртоғи ногирон бўлса ҳам севгисига, садоқатига содиқ бўлиб, уларга меҳр кўрсатиб, парвариш қилишмоқда. Камчилик деб қараганимиз аслида нотўғри фикрлаш ва қарашимизнинг аччиқ мевасидир. Сизнинг ҳаётингизни орзу қиладиган қанчадан-қанча одамлар борлигини бир ўйлаб кўринг.

Бахт у нима,

Балки момонинг,

Набирасин белаган бешик.

Фаришталар ризқ келтирсин деб,

Тонг саҳарда очилган эшик.

Райҳон  МЕНГЗИЯЕВА