Аёл – гўзаллик тимсоли, жамият устуни, хонадонимиз фариштаси, ҳаётимиз файзи, кўркидир

Аёл бор дунёда бахт бор, иқбол бор,

Аёл бор дунёда ширин хаёл бор.

Аёл бор дунёда қўшиқ, ашъор бор,

Аёл бор дунёда соҳибжамол бор.

Ўз касбига фидойи бўлиб сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган Аробова Гулбаҳор опа яхши фазилатлари билан барча яқинларининг кўнглидан жой олган.

Қор, ёмғир, жазирама қуёш, чанг-тўзон… Ҳеч бирига қарамасдан доим кўчага чиқадиган кишилар бор. Қишнинг аёзли кунларида совуқ сувда чайилган поллатта билан ишлаётган масканини  тозалаб келаётган фаррош аёлар бор экан барчамиз тоза ва озода, саришта жойда иш фаолиятимизни олиб борамиз.

Қумқўрғон туман СЭО ва ЖСБ да 27 йилдан буён фаррош бўлиб ишлаб келаётган Гулбаҳор опа фарзандларини ҳалол меҳнати билан катта қилмоқда. Маоши ҳаминқадар бўлса-да, борига шукр қилиб ўз ишини сидқидилдан бажариб келади. Саҳарда туриб, ишга келаман. Ҳамма ёқни супуриб-сидириб саранжомлаб қўяман.

Хоналар ва теварак-атрофни тозалаб қўйгач, ҳамкасбларим билан бажарган ишимиздан мамнун бўлиб кайфиятимиз кўтарилади. Келиб кетаётган фуқароларнинг озода жойга келишларини кўриб  кўнглимиз кўтарилади.

Гулсара опани кўп йиллардан бери ўз касбининг фидойиси сифатида кўпчилик яхши танийди. Аҳоли ҳам уни жуда ҳурмат қилади. Туман тиббиёт бирлашмаси гинекология бўлими бекаси бўлиб ишлаб келмоқда. Ўзи ишлаб келаётган бўлим ходимлари орасида ҳурматга эга аёлдир. Гулсара опа Нарманова ибратли оилала бекаси, фарзандларининг меҳрибон онасидир. Меҳнат қилиб, кенг жамоатчилик ўртасида обрў қозонган.

Аёл ҳақида сўз кетганда уларга яратганнинг буюк мўъжизаси, нафосат ва садоқат тимсоли, дея таъриф-у тавсиф берилади.

Дарҳақиқат, аёлларимиз эркакларимиз билан биргаликда бутун умрини оиласи, фарзандлар тарбияси ва ўз касбига бағишлаб, рўзғор юки ва ташвишларини нозик елкасида кўтариб келмоқда.

Иш фаолиятидаги берилган топшириқларни масъулият билан бажариб келаётган Менгқобилова Гўзал  ўз касбининг етук мутахассисидир. У бажараётган ишлари арзимасдек кўриниши мумкин, бироқ энг масъулиятли ишни уддасидан чиқиб келмоқда. Г. Менгқобилова туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида   иш юритувчидир. Юритувидаги барча ҳужжатларнинг қонун доирасида бўлишини таъминлайди.

Таъкидлаш ўринлики, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ишчи-ходимлари меҳнати доимий равишда ўз рағбатини топиб келаяпти. Аёлларга билдирилган ишонч ва эътирофлар  жамоа  вакиллари қалбига чексиз қувонч, фахр-у ифтихор бағишлайди ва янги марраларга руҳлантиради.

Ўзбекистон — бундай муаззам ўлкада яшашнинг ўзи катта бахт. Чунки, юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмрон. Одамларнинг ўзаро муносабатларида самимийлик намоён, улар бир-бирлари билан аҳил ва ҳамжиҳат. Раъно опа Аминова 11-болалар мусиқа ва санъат мактабида фаррош вазифасида меҳнат қилмоқда. Болаларнинг сифатли таълим олишида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Тоза ва шинам хоналарда мусиқа йўналишида таълим олиш болаларга ўзгача қувонч бағишлайди. Раъно опа ҳалол ва самарали меҳнати орқасидан олаётган маоши билан оиласини тебратмоқда. Албатта, ҳалол ва тоза луқма еб вояга етган фарзандлар эртага ютуқларга эришади. Ота-онасининг қилган меҳнатлари ўз самарасини беради. Келажакда фарзандлари тўғрисўз ва ҳалол бўлиб вояга етишади. Мана шундай бахтиёр ўлкада яшаб, меҳнат қилишнинг гашти ўзгача бўлади. Ҳар бир кунимиз байрамларга улашиб кетсин.

 

 

 

Бугун бирор бир соҳа, бирор бир тизим йўқки аёлларни у ерда учратмасак. Ижтимоий соҳа деймизми, саноатми, қурилишми, қишлоқ хўжалигими, қўйингки ҳар бир жабҳада аёллар қўлини, аёллар меҳнатини, қалб қўрини бериб, бир эркакдан зиёдроқ ишлаётганига жуда кўп ҳолларда гувоҳ бўлганмиз.

Мақоламиз қаҳрамони Қундуз Жалилова  ҳам ана шундай меҳнатсевар, фидойи аёллардан бири. Аёллар ишдан, рўзғор ташвишларидан ортиб жуда кам ҳолатларда ўзлари учун вақт ажратишади.

Аёллар гўзаллиги олдида ҳатто табиат ҳам тиз чўкади. Аёлларимизнинг гўзал бўлиб чўғ мисоли ёниб туришида Қундуз опа Жалилова ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. “Эъзоза” гўзаллик салонида ишлаб келаётган Қундуз Жалилова мижозлари қалбида ширинсўзлиги, ўз касбининг етук мутахассиси сифатида жой олган. Доим юзида табассум билан келган мижозларни қарши олади. Аёллар гўзаллигини кўрсата оладиган услублардан фойдаланади. Янгиликка, ўзгаришларга мос равишда ўқув курсларига бориб малакасини оширади. Ўз устида мукаммал изланишда бўлади. Яхши кайфият ва гўзаллик улашадиган Қундуз Жалилова иш фаолиятида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. Доим аёлларимизни баҳор гулларидек  очилиб юришлари йўлида меҳнат қилишдан толмасин.

Аёл – ғамхўр она, меҳрибон опа-сингил, вафодор ёр, суюкли қиз. Аёлларсиз бахтимиз тўлиқ, бағримиз бутун, дастурхонимиз тўкин, ҳаётимиз тотли бўлмайди. Барча аёлларни эшик қоқиб турган баҳор фасли ҳамда 8-март халқаро хотин-қизлар куни байрами билан самимий муборакбод этамиз.