Фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда алоҳида восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Чунки бюджетдан ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлаш – бугунги давр талабидир. Бу борадаги маълумотларни халққа очиқ-ошкора, шаффоф етказиш эса давлат идоралари олдидаги асосий вазифалардан саналади.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 сентябрдаги “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз узоқ кутган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди, десак муболаға эмас. Бу йил Қумқўрғон туман Кенгаши депутатлари “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ҳудудидаги муаммоларни киритишда фаол иштирок этишди. Жумладан ички йўлларни таъмирлаш, эскирган сим ёғочларни янгисига алмаштириш, ичимлик суви ўтказиш, умумтаълим мактаблари биноларини таъмирлаш каби муаммолар киритилди. Умуман олганда, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш – бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Ушбу ҳужжат эса давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этишга хизмат қилиши муқаррар.
Қурбон Чоршанбиев,
Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши котибияти мудири