ҲАЗРАТ АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙНИНГ “ҲИНДИСТОН” АСАРИДА ҲИНД ТАБАҚАЛАРИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

“Биз Беруний асарларини ўрганар эканмиз – унинг теран ақлига, истеъдодига, дадиллиги ва мардлигига, табиат ва унинг ҳодисаларини тушуниш ва тушунтиришда теран илмий тафакккур юритишга қойил қолмасдан иложимиз йўқ…”.

Академик И.Мўминов

Жаҳонда, хусусан, шарқ маданияти, фанининг энг ёрқин сиймоларидан бири, ўрта асрнинг буюк қомусий олими Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний Хоразмда ўзбек диншунослари замонасининг энг йирик олимларидан бири бўлиб етишди. 1973 йилда ЮНЕСКО ташаббуси билан бутун жаҳон миқёсида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1000 йиллиги кенг нишонланди. Юртимизда ҳазрат Беруний томонидан яратилган асарлари ўз она тилмизга таржима қилинди.

Унинг Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда олиб борган кенг илмий-тадқиқот ишлари халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик, маданий, илмий муносабатни мустаҳкамлашга қаратилгандир. Лекин, унинг назарида, ҳар бир халқ ижтимоий ва маънавий ривожланиш учун ҳақиқий мустақил бўлиши керак, шунинг учун у Маҳмуд Ғазнавий томонидан Ҳиндистонга олиб борилган юришларнинг ҳинд маданиятига катта зарарларни келтирганлиги тўғрисида очиқ ёзади.

Аллома чин ватанпарвар бўлиб, унинг бутун фикри, зикри, фаолияти ўз халқи, Ватанининг мустақиллигини, ривожланишини таъминлашга қаратилган эди. У бунга ҳам буюк олим, ҳам йирик ижтимоий-сиёсий арбоб сифатида улкан ҳисса қўшди. Хусусан, у ўз асарларида Хоразм халқининг қадим ва бой маданиятини, фанини юксак баҳолайди.

“Миллий тарихимизнинг яъна бир ёрқин юлдузи Абу Райҳон Беруний фаолиятига ҳаққоний баҳо берар экан, америкалик фан тарихчиси Сартон XI асрни “Беруний асри” деб таърифлайди. Бундай юксак ва ҳақли баҳо аввало қомусий тафаккур соҳиби бўлмиш буюк ватандошимизнинг илм-фан тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси билан изоҳланади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Беруний илмий масалаларда ҳам, тарихий воқеа-ҳодисаларга, ўз замондошларига баҳо беришда ҳам ўта холислик ва ҳаққонийлик билан фикр юритган. Шу боис ҳам у ҳаётда кўп азиятлар чеккан, ҳатто умрининг охирида турмуш қийинчиликларига дучор бўлган, аммо ҳар қандай оғир шароитга қарамасдан, эътиқодидан қайтмагани унинг ўз маънавий идеалларига нақадар содиқ бўлганидан далолат беради”.

Мустақиллик йилларида берунийшунос олимлар буюк мутафаккирлар илмий меросининг хилма-хил қирраларини ўрганиб, янги илмий методологик усулларини қўллаб келишмоқда.

И.Ю.Крачковский шундай деган эди: “Бизнинг арабшунослар шуни унутмаслигимиз керакки, араб тилида асар ёзган жуда кўп йирик маданият арбоблари ҳозир Совет Иттифоқи таркибига кирадиган мамлакатларда етилди. Бунга Ўрта Осиёда етишган файласуфлар Форобий, Ибн Сино, ажойиб математик, астроном, минералог хевалик Берунийнинг ўзи ҳам кифоя қилардилар”.

Абу Райҳон Беруний (973-1048) томонидан илк асари “Осор ал-Боқия” яъни “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” деб аталди. Беруний бу асарни Журжонда муҳодирлик вақтида яъни 1000 йили 27 ёшга кирган пайтида ёзиб бўлган эди. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини биринчи марта Европа олимларидан бири машҳур немис шарқшунос ва берунийшунос олими Эдуард Захау (1845-1930) ўрганди. У 1876-1878 йилларда Лейпцигда “Осор ал-боқия”нинг арабча нусхасини биринчи марта нашр этди.

Захау арабча нусхани нашрга тайёрлашда ўша вактда мавжуд бўлган тўртта қулёзмадан фойдаланган. 1879 йили Захау “Осор ал-боқия”нинг инглиз тилидаги таржимасини нашрдан чиқарди. Таржимага Берунийнинг муфассал таржимаи ҳоли ва изоҳлар ҳам илова килинган. Захаунинг арабча нусхаси асосида 1321 қуёш йили (1943 йил) Тезфонда “Осор ал-боқия”нинг форс тилидаги таржимаси Акбар Доно Сиришт  Сайрафий томонидан нашр этилди.

“Осор ал-боқия”ни 1957 йилда марҳум арабшунос олим М. А. Салье биринчи марта рус тилига таржима қилди. Милодий 1030 йили Беруний “Ҳиндистон” номи билан машҳур бўлган энг йирик асари ёзади. Бу асарни ёзилишига асосий сабаби Маҳмуд Ғазнавий (988-1030)нинг Ҳиндистонни бутунлай босиб олгани манбаларда кўрсатилади. Ушбу китоб (“Ҳиндларнинг ақлгa сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш”) номини англатади. Бу асар ҳақида Беруний “Менинг барча мақсадим, қолаверса, бутун қалбим, у фақат билим тарқатишга йўналтирилгандир, мен илм олиб баҳрланиш давридан ўтиб бўлдим ва энди илм тарқатишни ўзим учун  улуғ бахт ҳисоблайман.

Кимки бу ишнинг аҳамиятини тўғри тушунса, менинг ҳинд тилидаги (мусулмонлар тасаффурига) ўхшаш ва қарама-қарши бўлган асарлар таржимаси устида тинмай ишлаганим ва мазкур иш маъсулиятини ўз бўйнимга олганимдан ажабланмайди. Менга мазкур ҳинд китоблари ҳарфма-ҳарф ўқиб берилгач, уларнинг мазмунини англаб манбалар мазмунидан бенасиб қолдирилишига виждоним йўл қўнмади” фикр билдирган.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов “Бундай мисолларни юртимиз заминидан етишиб чиққан, Бағдоддаги “Байтул-ҳикма” ва Хоразм Маъмун академиясида фаолият олиб борган, илм-фан соҳасидаги тенгсиз кашфиётлари, маънавий жасорати билан тарихда ўчма*с из қолдирган буюк мутафаккир аждодларимиз ҳақида ҳам кўплаб келтириш мумкин.

Хусусан, Хоразм Маъмун академияси фаолиятини оладиган бўлсак, бу мўътабар илмий масканда Шарқ ва Ғарб ўлкаларидан келган, турли миллат ва динга мансуб бўлган олимлар фаолият кўрсатган бўлсада, унинг негизини Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби мана шу бизнинг минтақамизда туғилиб, камол топган етук алломалар ташкил этгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди” деб  таъкидлаган эдилар.

Х асрнинг иккинчи ярмида ва XI асрнинг биринчи ярмида Абу Райҳон Муҳаммад ал-Беруний XI аср бошида Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилди. Бу саёҳат вақтида Беруний Ҳиндистоннинг қадимий адабий тили санскритни, ҳинд халқининг урф-одати, турмуши ва маданиятини ўрганди ва ўзининг “Тарих-ал-Ҳинд” – “Ҳиндистон тарихи” китобида ҳинд халқининг тарихи, ўша вақтдаги Ҳиндистоннинг ижтимоий тузуми, фани ва маданияти тўғрисида қимматли маълумотлар келтирган.

Бу китоб ҳинд халқларининг ҳаёти билан шахсан танишиш асосида яратилган қимматли ва ягона қўлёзма асардир. Берунийнинг асари ўтган асрнинг 60 йиллари ўрганилди. Аниғроқ айтадиган бўлсак, 1963-1965 йиллар оралиғида ўзбек тилига I ва II томлари таржима қилинди. Берунинй “Ҳиндистон” асарида бир қисми сифатида жой олган “Ҳиндларнинг турли ранглар деб атайдиган табақалари ва улардан ҳам қуйи табақалар ҳақида” муҳим аҳамиятга эга.

Бу асар борасида Академик В. Р. Розен “Шарк, ва Ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиётида бунга тенг келадиган асар йуқ” деб асарга юқори бахо беради.

Филология фанлари номзоди Н.Ғ.Низомиддинов ўзнинг “Беруний –башарий тафаккур соҳиби” номли мақоласида таъкидлашича:

“Бизнинг назаримизда, фан фидойиси худди ўз тасаввуридаги Америка қитъасининг харитасини чизганидек, “Ҳиндистон” асари орқали Жануби-Шарқий Осиё халқларининг башарий миқёсдаги келгуси тараққиётидан башорат қилган бўлса, не ажаб! Қолаверса, Беруний қачонлардир ўзи қаламга олган мавзуга доир манбалар мазмунини тушуниб етишга чанқоқ кишиларнинг пайдо бўлишини нафақат фараз қилган, балки ишонган ҳам.

Акс ҳолда, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини олтин каби мисқоллаб ўлчайдиган, замондошлари сўзи билан айтганда, “қўли қаламдан, кўзи кузатишдан, ақли ўйлашдан тинмайдиган киши” умрининг қарийб қимматли ўн йилини мусулмон дунёсида “маъжусий диний эътиқод” ҳисобланган ҳиндуизм каби “ўта нозик бир масала” баёни ва таҳлилига сарфлашга жазм қилармиди?

Кези келганда яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Берунийнинг “Ҳиндистон”и ўз тарихий ва маърифий моҳиятидан ташқари, илмий  жиҳатдан диншунослик фани келажаги учун ҳам мустаҳкам асос яратди. Тўғри, мусулмон дунёсида бу соҳада илгари ҳам муайян ишлар қилинган эди.

Масалан, “IX—асрда яшаган Ёқубий ўзининг асарида насороларнинг муқаддас китоби  мазмунини ниҳоятда самимий тарзда аниқ баён қилган. Аммо арабларнинг сиёсий ҳукмронлиги остидаги ислом тарқалган мамлакатларда бирор халқнинг динига бағишланган ҳеч бир асар йўқки, уни Берунийнинг “Ҳиндистон”и билан таққослаш мумкин бўлса.

Ва мазкур манбага юнон дипломати Мегосфен ёки, айтайлик, хитойлик будда-параст роҳиблар Фа Сянем, Сун Юнем ва Сюан Цзанларнинг ёзиб қолдирган “Ҳиндистон тавсифи” каби хотиралари ҳам бас келолмайди”. Дарвоқе, буюк аждодимиз бошлаб берган динларни қиёсий ўрганиш услуби мусулмон теологиясида кейинги даврларда ҳам ўз мазмун-моҳиятини сақлаб қолди.

Хусусан, XII асрда Беруний анъанасини давом эттирган аш-Шаҳристонийнинг тадқиқот тамойили, танланган мавзуга нисбатан хоҳ у зардуштийлик,  браҳманлик, монийлик ёки яҳудий ва насоро динлари бўлсин, ўз объектив муносабати билан ажралиб туради:

“Мен ҳар бир мазҳаб таълимотини, — деб ёзган эди диншунос олим, китобдан қандай топган бўлсам, шундай бирига ён босиб, бошқасига беписанд бўлмай, тўғрисидан нуқсонлисини ажратмай, ҳақиқийсидан эса хатолисини ахтармай келтиришни ўз олдимга шарт қилиб қўйдим. Зеро, ҳақиқатнинг ёруғлиги ва ёлғоннинг қоронғулиги далилларга ақл кўзи билан қаровчи идрок учун ҳеч бир сир эмас.

Одатда Беруний ёки аш-Шаҳристоний сингари муаллифлар асарларида ҳар бир диний эътиқоднинг ўз тақво аҳлигагина маълум бўлган томонлари тўғрисида гапирилганда, уларнинг хулосаларида, бир диндаги тадқиқотчи учун бошқа эътиқоддаги зиддий ва муаммоли туюладиган жиҳатларга беғараз назарда қараш кераклигига ишора сезилади.

Бордию, айни беғаразлик хусусидаги ишоранинг негизига чуқурроқ назар солинса, бу – диний бағрикенглик туйғуси амалиётидан далолат беради”.

Беруний яратган асарлар орасида ҳам ҳажми, ҳам аҳамияти жиҳатидан йириги “Ҳиндистон” эди. Ҳозирги ҳинд олимларининг фикрича, Ҳиндистон ҳақида ҳалигача ҳиндларнинг ўзлари ҳам шундай ажойиб асар яратмаганлар, деб баҳо беришади. Шунинг учун ҳиндлар Беруний номини чуқур ҳурмат билан тилга оладилар. Ҳиндистон ҳақида асар ёзишга киришар экан, Беруний ҳиндлар ҳаёти, урф-одати, айниқса, эътиқодига оид диний китоблар билан батафсил танишади. Беруний фақат ҳинд китоблари билангина қаноатланмай, қадимги юнон, рим адиблари асарларидан ҳам фойдаланди.

“Ҳиндистон”нинг рус тилига таржимаси учун сўз боши ёзган олимлар А.Б.Холидов ва В.Г.Эрманларнинг аниқлашича, Беруний асарда Ҳомер, Платон, Аристотель, Иоанн Грамматик, афродизиялик Александр, тианлик Аполлоний, Порфирий, Аммоний, Арат, Гален, Птоломей кабиларнинг асарларидан фойдаланган ва парчалар келтирган.

Беруний яратган “Ҳиндистон”га ўхшаган асар умуман фан тарихида учрамайди. Унда ҳам мамлакат, ҳам ярим орол халқлари ҳақида шунчалик бой маълумот бериладики, ақл бовар қилмайди:

Диний табақалар, эътиқодлар, хурофот, фалсафа, аниқ фанлар, қонун ва урф-одатлар, диний-тарихий афсоналар, ёзув турлари, ярим орол жўғрофияси, адабиёти ва ҳоказолар.

Жаҳон, хусусан, Шарқ маданияти фанининг ёрқин сиймоларидан бири, Ўрта асрлар даврининг қомусий олими Абу Райҳон Берунийнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари алоҳида бирор асарда ёритилмаган. Бироқ унинг бу соҳадаги фикр-ғоялари олимнинг деярли барча илмий дурдоналарида акс эттирилган. Беруний синф ва табақалар асосида бойлик ва насл-насабнинг улуғлиги эмас, балки тегишли вазифа-машғулот ва ҳунар ётмоғи лозимлигини кўрсатиб ўтади. Тенглик ва адолатни таъминлашни муҳим вазифа қилиб қўяди. У халқларнинг дўст, иноқ, иттифоқ бўлиб яшаши учун курашади.

“Бу ер, макон, менинг ерим, маконим, одамлар эса фақат менинг халқим вакиллари, ҳукмдор бизларнигина ҳукмдоримиз, дин ҳам фақат бизнинг динимиз, хақиқий фан бизнинг фаними” қабиласидаги миллатчилик, айирувчилик иллатларини қаттиқ танқид остига олади. Ўрта асрнинг буюк олими инсониятга у яратган фан ва маданиятга қирғин келтирувчи урушларни қоралади, халқлар, давлатлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва маданий муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эди.

Кейинги даврлар олимлари Беруний берган маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, олимга хос бўлган илмий ҳалолликни яна бир бор тан олганлар “Ҳиндистон” асарида берилган маълумотлар шунчалик бой ва қимматлики, улар ҳалигача ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган.

У Аристотель, Архимед, Демокрит асарларини яхши билган. XI асрда Маҳмуд Ғазнавий (998-1030) ўз қўшинлари билан Хоразмни босиб олади. Минглаб асирга олинганлар орасида Беруний ҳам бўлган.

Ҳиндистон Берунийга қадар араб ва форс адабиётида мўъжизалар мамлакати сифатида намоён бўлган. Беруний Ғазнада ҳинд олимлари билан танишган. 1030 йилга қадар12 йил мобайнида у Ҳиндистонда бўлган.

“Ҳиндистон” асари устида ишлаган вақтда Берунийнинг илмий услуби материалга танқидий ёндашув яққол намоён бўлган. У 45 ёшида санскрит тилини ўргана бошлади, бир неча маротаба Ҳиндистонга ташриф буюрди. У Евклиднинг “Элементлар” ҳамда ўзининг астрономик асарини санскрит тилига таржима қилди. У таржимаси муваффақиятсиз чиққан деб ҳисоблаган “Панчатантра”ни араб тилига таржима қилмоқчи бўлади. Унинг Ҳиндистон тўғрисидаги иши XI аср тарихини ўрганишда муҳим манбага айланди. Беруний 14 та юнон муаллифининг 24 та асари, 40 та санскрит манбаларидан фойдаланган.

Беруний “Ҳиндистон” асари устида ишлаётган вақтда санскрит тилидаги юздан ортиқ манбалардан фойдаланган, ва иккинчидан, “Ҳиндистон” асари ёзиб тугатилганидан сўнг беш йил ўтгач, у тузган ўз асарлари  рўйхатидан  маълум  бўлишича, у ҳинд  материалларига асосланган 20 та асар ёзган. Беруний асарнинг 80 бобида деярли бутун асарда тарқалган филологик мазмундаги маълумотлардан ташқари учта қисмни Ведалар, Пураналар ва ҳиндларнинг диний адабиёти тўғрисидаги XII  боби, грамматика, шеъриятга оид китоблар ҳақида сўз юритиладиган XIII боб ҳамда ҳиндча мактублар тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган XVI бобни атайлаб ажратиб кўрсатади.

Жумладан, унинг ҳинд фани ва маданияти юзасидан узоқ йиллар олиб борган изланишларининг маҳсули бўлган “Аҳвол ул-ҳинд” ёки “Ажойиб ул-ҳинд” каби турли номлар билан машҳур фундаментал тадқиқоти ҳинд ақл-заковати дурдоналарини дунёга тарғиб қилишда беқиёс манба бўлганлиги шубҳасиз ҳақиқат. Зеро, ҳинд жамоатчилигининг  таниқли  вакили  Ҳамид  Ризо  эътироф этганидек:

“Ўрта  аср  ва  янги  замон  тадқиқотчиларидан  бирортаси  ҳам ҳинд  маданиятининг  чигал масалаларини  чуқур  илмий  руҳда тушунишда  Беруний  эришган  ютуқларни  қўлга  кирита олмаган. Муаллифнинг  “Ҳиндистон”  асари  шу  йўналишдаги  тадқиқотлар тарихида классик намуна бўлиб қолиши билан бирга ижодкорнинг ҳинд фани ва маданиятига қилган катта тортиғи ҳамдир”.

Фикримизча, асрлар оша ҳамон ўз илмий аҳамиятини йўқотмай келаётган  мазкур  тарихий  манбага  берилган  бу  мухтасар,  лекин мазмунан юксак баҳо икки жиҳати билан муҳим. Яъни, уларнинг бири – бу Берунийнинг “ҳинд маданиятига доир чигал масалалар” муаммосини  идрок этишдаги  даҳолиги  бўлса,  иккинчиси,  унинг “ҳинд фани ва мадания-тига қилган тортиғи” орқали ўзбек ва ҳинд халқларининг келгуси фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорлигига қўйган қутлуғ қадами.

Беруний “Ҳиндистон” асарида борлик масаласида, унинг тузилиши, борлиқнинг фалсафий тушунчаларини таҳлил қилар экан, қиёсий таққослаш усулидан кенг фойдаланади.

“Ҳиндистон” асарида Беруний “Ҳиндларнинг турли ранглар деб атайдиган табақалари ва улардан ҳам қуйи табақалар ҳақида” бобида аллома: Қадимги Ҳиндистонда подшоҳлар, одамларнинг қайси табақа ва мартабаларга ажратишга кўпроқ нима сабаб бўлганига алоҳида эътибор бериб, уларни бир-бирларига қўшилиш ва ишларига юритишдан сақлар, табақалар сабабли подшоҳларга аралашишдан ман қилар ва ҳар бир табақанинг ўзига тегишли иш ёки санъат ва ҳунар билан ҳамиша машғул бўлишга буюрар, ҳеч бир кишининг ўз мартаба ва даражасидан ўтишга руҳсат бермас ва ўз табақаси билан кифояланмаган кишига азоб уқубат берар эдилар.

Ҳаттоки, Бобак ўғли Ардашер Эрон подшоҳлигини янгидан оёққа тургазганида одамларни ҳам янгидан табақаларга ажратиб аскар бошлиқлари ва подшоҳларнинг болаларини биринчи табақа; обидлар, олов ибодатхоналарида хизмат қилувчилар ва дин арбобларини эса иккинчи табақа; табиблар, мунажжимлар ва турли илм эгаларини учинчи табақа; деҳқон ва ҳунармандларни тўртинчи табақага қўйган.

Ҳар бир табақа мартабаларга бўлиниб, уларнинг алоҳида жинслари бўлиб, шу жинслар (ўз навбатида) навларга ажралиб турур эди. Шу ҳилда навга аралишнинг бошланиши эсда сақланса, гўё у нав насабдек бўлар эди. Ҳиндларда ҳам табақаларни Варна яъни ранглар деб атаб, насаб жиҳатидан уларга Жотака дейилади; бу эса насллар демакдир. Табақалар тўртга бўлинади. Уларнинг юқори даражалиси брахманлардир. Ҳиндларнинг китобларида айтилишича, брахманлар Бароҳимнинг бошидан яралганлар. Бароҳим табиат кучига киноя тарзида берилган исмдир.

Ҳиндлар эътиқоди бўйича барча мавжудодларнинг бошланиши ва уларнинг энг яхшиси сифатида эътироф этилади. Браҳманлар ҳаёти муайян белгиланган босқичдан иборат. Хусусан, унинг ҳар бир куни машаққатли ибодат, ўрганиш ва вазифалари билан тўла эди. Браҳманнинг диний ҳаёти туғилиш биланоқ эмас, балки унинг балоғат ёшига етиб, муқаддас боғични қабул қилиши ва “баҳшида қилиш” маросимидан кейин бошланади.

Шундан кейин браҳманнинг ёшлиги бирорта донишманд браҳманнинг қўлида ведаларни ёдлаш, унинг уйида муқаддас оловни доимо тутиб туриш, устозининг хизматини қилиш, жумладан, унинг учун садақа йиғиш билан ўтади. Браҳман бу босқичида “браҳмачарин” деб номланган. Узоқ вақт давом этадиган бундай таълимотдан сўнг у иккинчи босқичга ўтади. Браҳман “гриҳастха” деб номланадиган бу босқичда уй хўжайини вазифасини бажаради. У уйланиш, оилани боқиши (хусусий, ўғил етиштириши) амалий ҳаёт илмини эгаллаган ва ўзининг фуқаролик бурчларини бажариши лозим.

Конун уй хужайинининг ўзини қандай тутишини соат сайин қатъий равишда диққат билан кузатиб боради. Қaчон ва нимани ейиш, нимани ичиш, қачон ибодат қилиш, маросимларни қандай дафн этиш, меҳмонларни қандай кутиш, овқатни қандай тайёрлаш, қарияларга, аёлларга, ёш болаларга қандай муносабатда бўлиш ва бошқа кўп нарсалар белгилаб қўйилган.

Брахман “ванапрастха”  (ўрмон зоҳиди) деб аталувчи ҳаётининг учинчи қисмида оиласи билан ёки ёлғиз ҳолда ўрмонга кетиши керак. Бу ерда у “ўз нафсини жиловлаб” илдизлар ёки меваларни еб, диний амалларни жидду жаҳд билан бажариши керак. Бу босқичда брахманларга бир қатор машаққатларни бошдан кечириш тавсия этилади:

У тупроққа қоришиб думалаши ёки кун буйи оёқ учларида туриши ва  ё навбат билан туриб ўтириши мумкин. Жазирама кунда ўзини “беш олов иссиғига” дучор қилиши, ёмғирли пайтда очиқ жойда яшаши, қишда эса ҳўл кийимда юриши керак.

Брахман ҳаётининг тўртинчи босқичи “санияси” (зоҳид) таркидунёчилик ёки диний қашшоқлик давридир. У ҳаётнинг барча ташвишларини ортга ташлаб, хурсандчилик, қайғу, орзу-ҳавас ва жисмоний эҳтиёжларни тарк этиб, ҳамма нарсага бефарқ бўлган ҳолда бир мақсадга – “Олий Брахмага етишиш, яъни у билан қўшилиб кетиш, бу дунё ва ўлгандан кейинги абадий бахтга эришишга” интилиши керак.

Брахман таркидунёчилик босқичида фақат садақадан тушган нарсалар ҳисобига кунига бир марта овқатланиб кун кечиради. Зикр этилган – “брахманнинг муқаддас тўртлик қонуни” деб аталмиш ҳаёт тарзини фақатгина  диний қоидалар билангина боғлаб тушунтириш мумкин эмас.

Ҳиндистон тарихида кўплаб бундай ҳодисаларни кузатиш мумкин. Фақатгина олий табақадан чиққан кишилар эмас, оддий халк, вакиллари ҳам баъзан шон­шуҳрат истаб, ўз иродасини чиниқтириш мақсадида ёки узини бошқалардан кам билмай, ўзларини ана шундай ҳаёт қийинчиликларига солганлар. Қадимда кишилар кузатган мазкур ҳолатларни Ҳиндистонда ҳозир ҳам тез-тез учратиш мумкин. Будда ҳаётини ўрганишда учрайдиган кўпгина ҳодисалар ўша даврда ҳам брахманлар “тўртлик қонунига” амал қилганликларини кўрсатади.

Бундай муносабатлар албатта адолат тамойилларини ўзида мужассамлаштирган ҳуқуқий қонунлар асосида ташкил этилиши ва барча қабул қилинган қонунларга баб-баробар итоат этиши шарт, қонунни бузиш ва албатта адолатсизлик қаттиқ жазоланиши кераклигини кўрсатиб ўтади. Агар браҳманлар ўзи адолатсизликка йўл қўйса халқнинг унга қарши қўзғолон кўтариб чиқиши ҳуқуқий бўлади ва бу жамият томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоғи даркорлигини таъкидлаб ўтади.

Шохрухмирза МАМАДИЕВ

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилояти

Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари