Қарийб ўн йилдан бери биз хорижий тилларни она тили даражасида ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо натижалар ҳали-ҳануз мақтангулик эмас. 2012 йилдан буён хорижий тилларни ўқитиш сифати яхшиланди.
Мазкур соҳада вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар эълон қилинди: халқаро тил сертификатларига эга бўлган ўқитувчиларга устама ҳақлари жорий этиш; янги (ёки қайта) ишга қабул қилинган ўқитувчилар учун миллий ва халқаро тил сертификатига эга бўлиш лозимлиги талабини жорий этиш; юқори балл олган ўқитувчилар учун ўқиш харажатларининг бир қисмини қоплаш; хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар учун маблағ ажратиш; чет эллик ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда ихтисослаштирилган мактабларни очиш; хорижий тилларни билиш бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган мактабларни рағбатлантириш учун президент мукофотини жорий этилиши белгиланди.
Ҳар бир мактаб битирувчиси иккита хорижий тилни мукаммал билиши лозимлиги ҳақида гапирилди. Халқаро талабларга жавоб берадиган дарсликлар ва методикаларни жорий этиш, шунингдек, ОТМларда ихтисослик фанларни хорижий тилларда ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимларга тайинлашда хорижий тилни билишни мажбурий талаб сифатида жорий этиш ҳамда хорижий тилни чуқур биладиган ходимларга қўшимча устама тўлови жорий этиш мақсадлари борасида сўз юритилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши эълон қилинди.
Эълон қилинган кўплаб чора-тадбирлар Президентнинг «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топди.
Ораста Абдурауфова,
3-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси