Ўқитувчи – комил инсон тарбиячиси

Ёш авлодни комил инсон сифатида вояга етказишда чет тилини ўргатиш зарур. Тил билган элни, унинг ютуқларини билади. Жамиятимизни ривожлантириш учун илғор иш тажрибаларни ўрганиб, амалга жорий этишга муносиб ҳисса қўшади. Умумтаълим мактабида аниқ фанлар қаторида инглиз тилининг ўргатилаётганлиги, бунинг учун шарт-шароитлар яхшиланаётганлиги фан чўққиларини эгаллашда қўл келмоқда.
Туманимизда 20-сонли умумий ўрта таълим  мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Б. Ҳусанов 31 йилдан буён ёш авлодга сабоқ бериб келмоқда.  1, 2, 3, 4 синфларнинг ўқувчиларига инглиз тили фанидан дарс ўтаяпти. Мавзуларни ўргатиш жараёнида янги педагогик технологиялардан, яъни компьютер, проектор, электрон дарс ишланмалари ва слайдлардан кенг фойдаланаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875-сонли Қарори асосида мактабда бошланғич 1-синфдан бошлаб инглиз тили дарслари ўтилиб, ёш авлоднинг инглиз тили фанига бўлган қизиқишларини ошириш, тўгаракларга жалб этиш ва уларни фан олимпиадаси, билимлар беллашувида мунтазам иштирок этишини таъминлаш, фахрланарли ютуқларга эга бўлиш вазифаларини ўртага қўйди. 2013 йилдан бошлаб инглиз тили фани мактаб ўқувчиларига 1 синфдан бошлаб ўргатилмоқда. Инглиз тили фани билимдони, моҳир педагог янгиликларни таълим-тарбия жараёнига фаол тадбиқ этди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг буйруғи билан бажарган ишлари, педагогик маҳорати ва бир қанча шогирдларни тайёрлагани, айнан инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб ютуқларга эришгани инобатга олиниб 2013 йил “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” арафасида “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
2019-2020 ўқув йилининг IV чораги даврида уйда туриб онлайн дарс ўтишда ҳам фаол ўқитувчилигини намоён қилди. Режа асосида мунтазам равишда ота-оналар билан ҳамжиҳатликда онлайн дарс ишланмаларини фарзандларга етказди. Ўқувчиларнинг уйда қолиб, инглиз тилини телеэкрандан кузатиб, билими, малакаси ва кўникмаларини ошириш учун ўз педагогик тажрибасини қўллади.
Кўп йилдирки ўқувчиларини Билимлар беллашувларига мунтазам тайёрлаб, қувонарли ютуқларга эришмоқда. Айниқса Хўшбақова Барчиной, Абдуназарова Ҳилола, Норқулов Давлатбек, Эшниёзов Зуҳриддин ва бошқалар бундай синовларда фахрли ўринларни эгаллаяпти. “Устоз-шогирдлик” анъанаси шундай эзгу ишларда ва эришилаётган натижаларда яққол кўринади.
  Н. МУҲАММАДИЕВ