Қумқўрғон туман ҳокимининг туман аҳолисига мурожаати

Ассалому алайкум!
Азиз тумандошлар!
Президентимизнинг топшириғига асосан, коронавирус инфекциясини тезроқ бартараф қилиш, карантин даврида фуқаролар хавфсизлигини ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида туман штаби ташкил этилган бўлиб, кеча-ю кундуз 24 соат мобайнида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Хабарингиз бор, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида, Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан 2020 йил 1 августга қадар Республика миқёсида қўшимча равишда қатъий карантин чекловлари жорий этилди. Туманимизда ҳам бу борада зарурий чора-тадбирлар кўрилмокда.
Жорий йилнинг 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари аҳолига – “ўзини-ўзи яккалаш” ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиши, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Шуни инобатга олган ҳолда, фуқароларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатьий амал қилишлари, зарурат бўлмаса уйда бўлишлари, асоссиз равишда уйдан кўчага чиқмасликлари, таътилда бўлган азиз фарзандларимизнинг тарбиясига, уларнинг шахсий гигиенасига жиддий эътибор қаратишларини, ҳар бирингиз кўринмас ёв билан курашда ўзингиз ва яқинларингизнинг соғлигига бефарқ бўлмасликларингизни таъкидлашни истардим.
Маълумот ўрнида келтириб ўтаман, 2020 йил 16 март куни карантин бошлангандан буён туманда жами 2967 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, айни кунга қадар 2535 нафари карантиндан чиқарилган.
17 июль кунидаги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирда 421 нафар тумандошимиз уй карантинида бўлиб, 6 нафари стационар шароитида даволанмоқда. Бир кунда 63 нафар фуқаронинг карантинга олинганининг ўзиёқ, хушёрлик ва масъулиятимизни янада оширади.
Азиз фуқаролар!
Инфекциянинг тарқалиб кетишининг олдини олиш борасида қатъий талаблар белгиланган бўлсада, зарурий чоралар кўрилиши, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамасдан, минг афсуски ҳали-ҳануз одамлар орасида карантин талабларига беписандлик билан қараётганлар учрамоқда. Бугунги эпидемиологик вазиятда биргина бефарқлик ортидан ўз соғлигингиз, яқинларингиз, атрофдагилар соғлигига хавф солишингиз мумкинлиги ёки ушбу инфекциянинг ўчоғига айланиб қолмаслигингизга ҳеч ким кафолат беролмайди.
Қумқўрғон туманида барча амбулатор муассасаларда мобиль консултатив бригадалар фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу бригадаларнинг ҳар бири мобиль алоқа воситалари билан таъминланган бўлиб, улар аҳолига COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ бўлган барча мурожаатларга тавсияларни бериб бориши белгиланган. Туман тиббиёт бирлашмаси марказий тез тиббий ёрдам бўлими (76-46-53-103) уяли алоқа бўлими рақамларга ҳамда бу борада бирор муаммо ёки таклифларингиз бўлса, Qumqo‘rg‘on tumani hokimligi Axborot xizmati (https://t.me/q_axborot) телеграм каналининг @qum_hokim манзилига йўллашингиз мумкин.
Ушбу кўрилаётган чоралар, албатта аҳолимизнинг саломатлиги ва осойишталигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётганлигини яна бир бор ҳис этиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Бу хавфни фақатгина “Темир интизом – юксак тафаккур” билан енгамиз. Бизнинг халқимиз вазиятга тўғри баҳо бериб, синовларни мардонавор енгиб ўтишига ишонаман.

Қумқўрғон туман ҳокими Р. Гаппаров