Олимларнинг аниқлашича, дунёдаги бор коронавирусни йиғсак, у бир грамм чиқар экан. Аммо ана шу бир грам вирус етти миллиард инсонни шошириб қўйди. 10 миллиондан зиёд одам касалга чалинди. Ярим миллиондан зиёд одам ҳаётдан кўз юмди. Бир грамм вирус дунё бўйича 20 триллион доллар маблағни битирди. Бир грамм вирус 100 миллион инсонни ишсиз қолдирди. Мингларча компаниялар инқирозга юз тутди. Бир грамм вирус бутун давлатларнинг чегарасини ёпди. Бир грамм вирус сайёрани қизилга бўяди.
Бу касалликка қарши туриш ҳеч бир мамлакатга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Энг ёмон томони бу балонинг қачон даф бўлиши, яна қанча зиён етказиши, қанча инсоннинг умрига зомин бўлиши маълум эмас. Дунёнинг энг йирик илмий марказларидан тортиб энг машҳур вирусологларигача крантин қоидаларига риоя қилишдан, масафо сақлашдан, санитария-гигиена талабларини сўзсиз бажаришдан, уйда қолишдан бошқа янги тавсия беролгани йўқ. Инсоннинг бу кўринмас ёвга қарши қуроли фақат ўзининг ақл-идроки, сабр-тоқати ва интизоми бўлиб қолмоқда.
Демак, карантин талабларини бажаришдан бошқа иложимиз йўқ. Аммо Республика пандемияга қарши кураш маркази тарқатаётган маълумотларга кўра, касалликка чалинишга кўп ҳолларда ана шу талабларни бажармаслик сабаб бўлаётир.
Бундай эҳтиётсизлик уйда, кўчада, жамоат жойларида йўловчилар, харидорлар томонидан ҳам, одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига жавобгар бўлган масъуллар томонидан ҳам содир этилаётир.
Яқинларимиз ёки танишимизни йўл – йўлакай учратиб қолсак биринчи айтар сўзимиз тани – жонинг соғми? , – деган саволни берамиз. Албатта, барчамиз учун биринчи ўринда соғлиғимиз туради. Муҳтарам Юртбошимиз, вилоятимиз ҳокими ҳамда туман ҳокимининг пандемиядан аҳолини асраш учун қилаётган чора – тадбирларини барчамиз ҳам жиддий қабул қила олмаяпмиз. Баъзилар коронавирус пандемияси жиддий хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида ҳанузгача англаб етишмаяпди. Туманимизда фаолият олиб бораётган ташкилот ҳамда муассасалар, аҳоли гавжум бўладиган савдо муассасалари таҳририят ходимлари томонидан бориб ўрганилди. Туман электр тармоқлари корхонасида аҳолининг тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалар билан дезинфекция қилиш учун ажратилган ходимларнинг ўзлари тиббий ниқобни нафас йўлларини ёпмасдан тушурган ҳолатда тақиб ўтиришганига гувоҳ бўлдик. Оралиқ масофа ҳам сақланмаган ҳолатда фуқароларни текширувдан ўтказишмоқда. Агробанк туман филиалида фуқаролар назоратдан ўтиш вақтида ниқобини тўлиқ тақмаганига эътибор қаратилмасдан рўйхатга олиб киритиб юборишмоқда. Банк ходимларининг айримлари ниқоб тақмасдан иш олиб боришмоқда. Халқ банки туман филиалида фуқароларни қабул қилиб рўйхатдан ўтказиш учун назорат постига банк томонидан ходим қўйилмаган. Мустақиллик савдо мажмуасида назорат постида ҳеч ким йўқ. Харидорлар назоратдан ўтказилмасдан кириб чиқишмоқда. Турон савдо мажмуасида савдо ходимлари ниқоб тақмасдан тушурилган ҳолатда савдо қилишмоқда. Биргина эътиборсизлик ортида қанчадан қанча инсонларнинг, фарзандларимизнинг тақдири турибди. Озгина эътибор талаб қилинадиган, қўлимиздан келадиган вазифаларни ўрнида бажарсак соғлом ҳаёт тарзимизга тезроқ қайтишимизга оз бўлсада ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Р. Менгзияева