Барчангизга байрам муборак

Мустақиллигимизнинг бебаҳо неъмат эканлигини эл – юртимизнинг онг-у тафаккурига сингдириш, истиқлолнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашда миллий матбуотимизнинг ўрни беқиёс. Ўтмиш ва бугуннинг салномасида оммавий ахборот воситаларининг муносиб ҳиссаси бор. Маърифатпарвар аждодларимизнинг эзгу ишларини давом эттириб, қалами, ҳақ сўзи билан кўнгилларга кириб бораётган соҳа ходимларининг ўрни беқиёсдир.
Дарҳақиқат, бугунги тинчлик-осойишталигимиз барқарорлигини кенг тарғиб этиш, фаровон ҳаётимиз шукуҳини ўзига хос тараннум қилиш, ёшларимизни ёт ғоялардан асраш, халқимизни дунёда рўй бераётган воқеликлардан тезкор хабардор этиш, мамлакатимиз солномасига муҳрланаётган ҳар бир тарихий янгилик ва ўзгаришларни юртдошларимизга холисона етказиш борасида қадрли ижод аҳлининг юксак хизматлари бор. Ўз истеъдоди, ижоди, ўткир қалами ва қудратли сўзи билан матбуотимиз ривожи ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб хизмат қилаётган, шунинг билан бирга, дунёда кечаётган воқеликларни, мамлакатимиз ҳаётига оид ўзгаишларни, халқимиз дарду ташвишларини холис ёритишни ўзларининг шарафли ва муқаддас бурчи деб билган ижод аҳлининг фидокорона меҳнатини ҳар қанча эътироф этсак, арзийди.
Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотлар етказиш борасида сиз, матбуот аҳлининг фидокорона меҳнат қилаётганингизни халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Олижаноб касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари, истеъдод ва маҳорати билан мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига, унинг қувонч ва ташвишларига тобора яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг янги, демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим роль ўйнамоқда.Кейинги пайтда оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилмоқда.
Газеталаримиз, теле-радиоканалларимизда ошкоралик, таҳлил ва холис танқид руҳи кучайгани, бевосита хорижий мамлакатлардан тайёрланаётган материаллар сони ортиб бормоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга жасорат эгаларигина қодир бўлади.
Фидокорона касб эгалари бўлган барча соҳа ходимларини касб байрами билан самимий қутлайман. Эл-юрт манфаати ва Ватанимиз салоҳиятини бундан-да юксакларга кўтариш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда янги зафар ва муваффақиятлар тилайман. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизими яратилди. Бу эса оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ҳар бир ижодкорни давр нафаси билан яшаб, кенг жамоатчиликни бунёдкорлик сари руҳлантиришга, ислоҳотлар моҳиятини англашга ундовчи шахс сифатида жамият ҳаётининг фаол, илғор фикрли вакилига айланишида муҳим аҳамият касб этди. Бундай юксак масъулият ижтимоий-иқтисодий турмушнинг барча жабҳаларидаги янгиланишларга дахлдор бўлиш, жамият ҳаётидаги ютуқ ва камчиликларни ўз вақтида кенг омма ихтиёрига ҳавола қилиш ва уларда маълум ижтимоий муносабатни шакллантиришни талаб этади. Ижод ва тафаккурнинг таъсирчан муҳитида шаклланиб, эл-у халқимизнинг манфаати, келажагини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини ёритишда муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилиши зарур. Бу — замон талаби, ислоҳотларимиз талаби» деган фикрларига монанд фаолият юритмоқдамиз. Ҳар қандай касб эзгуликка хизмат қилар экан, шубҳасиз, халқ назарида улуғвор, жамият ҳаётида қадрлидир. Шу маънода, зиммангиздаги улкан ва заҳматли меҳнатни улуғлаб, шу касбдан қадр ва шараф топиб юрганингиз Сизга Яратганнинг иноятидир.

Райҳон Менгзияева