Маданият ва санъат соҳаси янада ривожлантирилади

Мамлакатимизда йилдан йилга маданиятга ва санъатга бўлган эътибор кучайиб бормоқда. Санъатга қизиқиши юқори бўлган ёшларни топиб, уларнинг ижод қилишлари учун шароитлар яратилиб берилмоқда. Айниқса, куни кеча барча соҳа ходимлари учун янгилик бўлган  “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча  чора-тадбирлар тўғриси” да Президент  қарори эълон қилиниши қувонч келтирди.

Қарорга кўра қатор янгиликлар жорий  этилмоқда. Жумладан, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб мактабларда  миллий мусиқа чолҚуларидан  камида биттасида куй ижро этиш маҳорати ўргатилади, бу ҳақда  уларнинг шаҳодатномасига  тегишли қайд киритилади. Ёш авлод вакилларининг кўпчилиги бугунги кунда миллий  мусиқа чолғу асбобларининг тўлиқ номларини ҳам билмайди. Миллийлигимизга муҳаббат миллий мусиқаларимизга ҳурмат, эътибордан бошланади. Коллеж, лицей ва Олий таълим муассасаларида  давлат филармонияси ва унинг ҳудудий  бўлимлари томонидан лекторий концертлар ўтказиш йўлга қўйилади. Ўқувчи ва талабалар ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги  республика кўрик-танловлари ташкил этилади. Зеро, санъатга ошуфта бўлган диллардан ёмонлик чиқмайди. Мусиқа самимийлик тимсолидир.

”Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида  ҳар йили қуйидагилар учун давлат буюртмалари  берилади:

-театрларда саҳналаштириладиган камида 40 та янги спектаклга;

-композитор ва бастакорларга 40 та янги мусиқа асари яратишга;

-камида 100 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун  мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратишга;

-камида 150 та энг яхши миллий  қўшиқларни караоке ёрдамида  ижро қилиш учун қайта ишлашга.

Намойиш этилаётган спектаклларни саҳнада жонли равишда томоша қилиш инсонга ўзгача бир завқ улашади. Спектакль намойишига кирган томошабин яхши кайфият билан, таассуротларга бой тарзда залдан чиқади. Бой ва қадимий меросимиз бўлган миллийлигимизни асраш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз ва вазифамиздир.

   Азаматжон Рихсиев,

туман маданият бўлими мудири в.в.б