Мактаб психологи – ёш авлодни катта ҳаётга тўғри йўналтиришда ота-она ва ўқитувчи билан баробар аҳамиятга эга шахс. Мураккаб давр – ўсмирликка қадам қўяётган бола, шахс сифатида шаклланаётган ўсмирнинг ўз оламидаги муаммоларига ечим топиши учун ёрдам беришда мактаб психологининг роли катта.
Умуман олганда, мактабларда психологнинг мавқеини ошириш, унинг ўз фаолиятини самарали ташкил қила олиши муҳим. Чунки психолог ўз олдига қўйилган вазифаларни чиндан ҳам уддалай олса, кейинчалик катталашиб кетиши мумкин бўлган кўплаб ижтимоий муаммоларни биринчи босқичлардаёқ профилактика қилиш мумкин бўлади.
Ўсмирлар тарбияси: Болани бошқариш усуллари, хатолар ва хулосалар.
Бола ўсмирлигида мустақил қарор қабул қилишни ўрганмаса, катта ҳаётда ҳам уни кимдир бошқариши керак бўлади.
Ўсмирлик йиллари – ота-оналар учун ҳам, болалар учун ҳам мураккаб давр. Бу ёшда фарзандлар ўз фикрини энг тўғри деб ҳисоблашади. Ота-оналар ҳам кичкинтой деб ҳисоблаб юрган боласининг энди ўз фикрини, ўз қарашларини аён қилишларини қабул қилишлари қийин бўлади. Айниқса, фақат боласининг ғамида яшайдиган оналарда бу жараён қийин кечади. Бунда улар ўзларини худди энди боласига кераксиз бўлиб қолгандай ҳис қилишлари мумкин.
Болалар ҳам ўзларини ақлан катта бўлгандай ҳис қилишса-да, моддий ва жисмоний жиҳатдан ота-онага тобе бўлиб қолаверади. Барча тушунмовчиликлар шундан келиб чиқади.
Болага мотивация бериш учун…
Ота-она ҳамма нарсани муҳайё қилиши болада ҳеч нарсага интилмасликни келтириб чиқаради. Барча муаммоларини ота-онаси ҳал қилиб бериши – келажакда унинг ҳаётини ҳам улар бошқаришига замин яратади. Оқибатда улар келгусида бошқаларнинг хоҳишлари билан яшашга ўрганиб қолиб, қачондир афсусланишади.
Шунинг учун ўсмирларда келажак ҳақида ўйлаш, тўғри қарор қабул қилиш учун имкон ва тушунча беришда ёрдам кўрсатиш керак. «Сен келажакда нима қилмоқчисан? Ким бўлмоқчисан?» каби саволлар болани ўйлашга мажбур қилади. Бирданига жавоб бермаслиги мумкин, аммо вақт ўтиб бу ҳақда ўйлаб кўради.
Уларга ўзи ёқтирган бирор машҳур шахсларни намуна қилиб кўрсатиш ҳам унга мотивация бериши мумкин. Аслида ота-она болага ҳамма нарсани яратиб бермаслиги, у нимагадир интилиши, орзу қилиши учун имкон қолдириши керак. Нимагадир ўз меҳнати билан эришса, у учун қадрли бўлади.
Жиноятга мойил ёки хато қилган болаларни тўғри йўлга солиш мумкин!
Ёшлигида етарлича меҳр кўрмаган болалар ўсмирликда жиноят қилишга кўпроқ мойил бўлишади. Улар буни хоҳлашмаса ҳам, ўзлари сезмаган ҳолда ота-оналари, атрофдагилар ва умуман дунё билан ўчакишиб жиноят қилади.
Бундай ҳолатларда психологлар билан ишлаш ёрдам бериши мумкин. Бундай вазиятда ота-оналар болага таъсир ўтказмоқчи бўлишлари тўҚри бўлмайди, чунки боладаги бу яралар уларнинг хатоси туфайли юзага келган.
Болангиз ўқитувчисидан шикоят қилганда…
Ота-она фарзанди олдида унинг ўқитувчиси ҳақида ҳурмат билан гапириши лозим. Бу билан болада устозига нисбатан ҳурмат пайдо бўлади. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида низоли вазият келиб чиққанда боланинг ҳис-туйғуларини ҳам эшитиш, уни доим тушунишларини англатиш яхши самара беради.
Шундай тушунмовчилик ҳолати содир бўлганда ўқитувчи билан вазмин гаплашиш ва фарзандининг руҳияти ҳақида тушунтириш, унинг синфдаги обрўсини тиклаш, ўзига ишончини орттириш учун маслаҳатлашиш керак бўлади.
Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатни яхшилаш учун болани ўша ўқитувчига қўшимча дарсларга бериш ҳам яхши натижа бериши мумкин. Бу билан бола ёқтирмаган одамлари билан ҳам муносабат қуриш мумкинлиги, ҳамма нарсага имкон топиш мумкинлигини англайди.
Дилбар Юлдашева,
33-мактабининг амалиётчи психологи