Шамс ул-миллат

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,

Бўлмас эди Тенгри каломида назм.

Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «Шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқеини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир. Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади. Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам  тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари,  достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин саволига жавоб тариқасида ёзилгандир. Алишер Навоий дунёни тушуниб ўтди. Шу боис, алғов-далғов замонларда ботинин хотиржам яшади. Зотан, Нозим Ҳикмат таъбири билан айтганда: «тушунмак – буюк хотиржамлик»,- деганидир.

Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан кўпроғ вақт ўтди. Мовароуннаҳр тупроғи не-не босқинларга, тожу тахт учун қонли курашларга саҳна бўлди. Аммо шоир ижодининг қиммати асло пасаймади. Ҳар авлод ундан ўзи учун нимадир топди. Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи бўлди.

          Ойдин Хурсанова,

2-мактабнинг ижодий- маънавий масалалар бўйича тарғиботчиси