Ҳоким ва ёшлар учрашуви: ҳар бир мурожаат эътиборда

Ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан саналади. Юртимизда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими яратилди. Сектор раҳбарлари томонидан маҳаллаларга бориб, уларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш, ижобий ҳал этиш борасида ёшлар учрашувлари ташкил этилмоқда.
“Ҳоким ва ёшлар учрашуви”нинг навбатдагиси 1-сектор ҳудудида жойлашган Қорсоқли маҳалласида бўлиб ўтди. Туман ҳокими ҳар бир ёшнинг муаммоларини, таклифларини тинглади. Очиқ ва самимий мулоқот тарзда ўтказилган учрашувда аксарият ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирдилар.
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қорсоқли маҳалласида яшовчи Алмардонов Ўрол туман ҳокимига мурожаат қилиб, қўлида хунари борлигини, аммо керакли асбоб-ускуналари йўқлиги сабабли қийинчиликларга дуч келаётганлигини айтди. Ўролга ўзини-ўзи банд қилиши учун субсидия асосида зарур ускуналар олиб бериладиган бўлди.
Тадбир давомида 15 нафар мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, туман ҳокими томонидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Бугунги кунда келажак вакилларнинг жамиятда ўз ўрнига эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Албатта, булардан оқилона фойдаланиш уларнинг ўзларига боғлиқдир. Бу каби учрашувлар эса ёшларга янада янги ғоялар билан янги мақсадлар сари интилишига туртки бўлиши, шубҳасиздир.
Нигора Жумаева,
туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари