Бўш томорқалардан фойдаланинг

Бутун дунёда коронавирус пандемияси ҳукм сурмоқда. Олимлар кўп давлатларда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммо бўлишини тахмин қилмоқда. Аҳоли орасида озиқ-овқатларга эҳтиёж кўп. Карантин пайти мамлакатимиз аҳолиси орасида ҳам истеъмол маҳсулотлари етишмовчилиги, нархларнинг қимматлашгани сезилаяпти.
Давлатимиз раҳбарлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун аҳолининг уйда қолиши, тўйимли озиқ-овқат билан таъминланиши, ортиқча дабдабабозликка берилган тўй, марака ва бошқа маросимларга бормаслик чораларини қўллаяпти. Қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги янги лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда мавжудларини кенгайтириш, томорқа ер эгаларига ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, шунингдек, ижтимоий заиф қатламлар бандлигини таъминлашга эътиборни кучайтирди. Шундай эзгу мақсад мужассамлашган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 майдаги 4716-сонли “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Қарорда томорқа ер участкалари самарадорлигини оширишни ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативлари аъзолигига бадал тўлаш учун ишсиз, кам таъминланган ва камбағал оилаларга субсидиялар ажратишни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 50 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 2020 йил 20 майдан бошлаб Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда субсидиялар ажратилади.
1.Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:
енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;
суғориш воситалари харид қилиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;
уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача субсидия берилади.
2. Қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзовотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;
Қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилиши назарда тутилган. Сиз ҳам қарорда кўзда тутилган имкониятдан фойдаланинг.

Т. Аллашев,
ЎзМТДП туман Кенгаши етакчи мутахассиси, партия гуруҳи ижрочи котиби