Вилоят минтақавий семинари намунали амалга оширилди

Туманимизнинг Н. Мирзаев ҳудудидаги «Ойбекжон Шуµрат» фермер хўжалигига қарашли фойдаланилмайдиган ер майдонларини ўзлаштириш жараёнига бағишланган вилоят минтақавий семинари намунали ташкил этилди. Баҳорги ер текислаш ишлари авжига чиққан паллада  дала четларида қаровсиз қолиб, бегона ўтлар ўсган ерни текислаш, янги ер ўзлаштириш ишлари авж олди.
Юк ташувчи техникалар, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва деҳқонлар бу ишга сафарбар этилди. Ер текислаш техникалари, ариқ қазувчи техникалар билан бир қаторда юк машиналарда тупроқ ташиш ишлари бажарилди. Янги ерлар очилиб, ариқлар лойқа ва бегона ўтлардан тозаланди. Тут кўчатлари экилди. Биргина Шуҳрат Тўраев бошлиқ фермер хўжалигидаги мавжуд ерларга 2,6 гектар янги ер қўшилди. Ариқлар қишлоқ хўжалиги мавсумига шай ҳолга келтирилиб, четига тут кўчатлари экилди. Бундан ташқари қўшни фермер хўжаликларига ҳам янги ерлар қўшилди. Кўча четлари текисланиб, автомашиналар ва қишлоқ хўжалиги техникаларининг ҳаракатланиши учун яхшиланди.
Вилоят минтақавий семинарида Қумқўрғон, Шўрчи, Олтинсой, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, ҳудудларнинг раҳбарлари, фермерлар қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев, вилоят Уруғчилик бирлашмасининг бошлиғи Т. Маматраимов, Қумқўрғон туман ҳокими Р. Гаппаров амалга оширилган ишларни атрофлича ўрганиб, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан фикр-мулоҳаза алмашди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш. Тешаев кўргазмали воситалар ва амалий иш жараёнлари, далалар четларидаги янги ерларни ўзлаштириш, экинлар экиш, суғориш иншоотларини қуриш, сувдан оқилона фойдаланиш бўйича янги вазифалар ҳақида гапирди. Кўргазмали воситаларда 241,5 километр магистрал каналлар, 1122,8 километр ички суғориш ва нов тармоқлари, 571 дона гидротехника иншоотлари ва гидропостлар тозаланиб, таъминлангани, канал ва ариқларни лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш, далаларга сув таъминотини яхшилаш, ҳар бир истеъмолчиларнинг сув олиш қулоқларига сув ўлчагичлар ўрнатиш ишлари намуна сифатида кўрсатилди. Семинар иштирокчилари республикада биринчи бўлиб пахта топшириш шартномасини бажарган тумандаги фермер хўжалигида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиб, ўзлари учун қимматли тажрибаларни ўрганди.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 32-оилавий поликлиникаси ҳамширалари Барно Қурбонова ва Шаҳноза Шодиевалар  тиббий хизмат кўрсатди. Туман маданият бўлимининг 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби бахшичилик синфи ўқитувчиси Содиқ бахши Мардонақулов достон ва термаларни ижро этди.
Н. МУҲАММАДИЕВ