Деҳқон бозоридаги камчиликлар

Одатда Қумқўрғонга баҳор эрта келади. Қуёш табиатни қиздира бошлагач одамлар қишдагига нисбатан кўп ҳаракатлана бошлайди. Иш ва турмушнинг ширин ташвишлари уларнинг изланувчан, топармон бўлишига олиб келади. Бозорга келувчиларнинг сони ошади. 2019 йилнинг кўкламида Қумқўрғон деҳқон (озиқ-овқат) МЧЖ ҳудудида янги қурилиш ишлари амалга оширилиши муносабати билан сотувчилар ва харидорларнинг ташвиши кўпайди. Бозор ёпилиб, савдо дўконлари, расталар, соябонлар бузилди. Деҳқон бозори эса Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги Автомобиль сотиш учун қурилган бозорга кўчирилди. Маҳсулотларни сақлаш, сотувчилар учун етарлича шароит яратилмаган бозор бир мунча вақт ишлади. Боз устига шаҳар аҳолиси ва узоқ маҳаллалардан келувчилар учун, транспортлар қатновида ҳам қийинчиликлар пайдо бўлди.
Халқимизнинг “Ҳамма жойда бозор бўлавермайди, қаерда бозор одамлар билан гавжум бўлиб, савдо-сотиқ ишлари яхши ривожланса ўша ерда фаолият кўрсатади” мазмунидаги гапи яна тўғрилигини амалда кўрсатмоқда. Сотувчилар Қумқўрғон буюм бозори олдидаги очиқ майдонга кўчиб, қўлбола соябонлар ўрнатди. Баҳоли қудрат савдо расталари, столларни қўйиб маҳсулотларини сотаяпти. Катта асфальт йўл ёқасидаги бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси давом этмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркасида ички тартибга риоя қилиш талаб этилаётган бўлса-да айрим сотувчилар санитария-гигиена талабларига риоя қилмаяпти. Ёзнинг иссиқ об-ҳавосида озиқ-овқат маҳсулотларини очиқ ҳолда сотмоқда. Гўшт, қандолатчилик маҳсулотларини ҳашоратлардан ҳимоя қилиш учун оқ дока билан ёпилмаган. Бозор маъмурияти, туман санитария-эпидемилогик осойишталик маркази, ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси ходимлари тозалик-ободончилик ишларини ҳамкорликда амалга ошириши назарда тутилган. Бироқ бу қоҳғозларда қолиб, амалда бажарилмаяпти. Осойишталикни сақловчи хизмат ходимларининг доимий назорати сезилмаяпти.
Бозор ичкарисига кирсангиз турли хил мева-сабзавотларнинг тартибсиз савдо қаторларига қўйилиб сотилаётганлигини кўрасиз. Айрим маҳсулотларнинг халталари ёғоч тагликсиз ҳолда, ерга қўйилган. Қатиқ, молларнинг ёғи, ичаги, ўпка-бовури сотилаётган идишларнинг устидаги докалари олиб қўйилган. Айрим идишлар кир. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орасида муддати ўтгани, зараркунандалар ўрнашгани бўлса савдодан олиб ташлаш керак. Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари дезинфекция, сотувчиларнинг тана ҳароратларини ўлчаш ишлари билан машғул. Айрим сотувчилар юзларига ниқоб тақиб аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Пандемия пайти парвосиз, юзидаги ниқобини тўлиқ тақмасдан нафас олиш органларини очиқ қолдирганлар ҳам кўп. Уларга ўз саломатлигини асраш тушунтирилди. Бозор маъмурияти савдо кўрсатиш учун кунлик тўловни йиғаркан-у, аммо чек ёзиб бермас экан. Сотиш учун келтирилаётган боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик маҳсулотларининг сифатини, истеъмолга яроқли эканлигини аниқлаш учун зарур ишлар ташкил этилган. Ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказига қарашли ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси фаолият кўрсатмоқда. Аввалги бозор бузилгач бу лаборатория ходимлари ҳам қийинчиликларга дуч келди. Таъмирталаб буюм бозоридан бир хона олиб, ижара усулида ишлаяпти.  3 нафар ходим: бош врач, врач, лаборант хона учун пул тўлаб меҳнат қилмоқда. Улар мева-сабзавотларнинг сифатини янги “Нитрат – тестер” технологияси ёрдамида жойида аниқлаяпти. Моллар қушхонада сўйилиб, гўштини бирламчи ҳужжат асосида сотувга чиқаришга рухсат берилмоқда. Айрим ҳолларда уйда сўйилган мол гўшти келтирилса лаборатория учун 200 грамм гўшт олиниб, текширилаяпти. Сотувчиларнинг маҳсулотларини текшириш ва ҳужжат бериши бепул амалга оширилаяпти. Бозор ташқарисида асфальт йўл четида мева-сабзавотларини сотаётган сотувчиларнинг шароитлари ҳам талабга жавоб бермайди. Ўзаро бақир-чақир савдо маданиятига тўғри келмайди. Тупроқ устига тушалган кийим-кечакларни сотишга барҳам бериш зарур. Туман марказида озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун намунали шарт-шароитлар яратилса теварак-атрофга кўрк, сотувчилар ва харидорларга завқ бағишлайди.
   Н. МУҲАММАДИЕВ