Эьтиборсизлик ортидаги катта хавф

Инсон саломатлиги бебаҳодир. Қанчалик бой, бадавлат ёки кам-кўстсиз ҳаёт кечирманг, саломатлигингиз бўлмаса ҳеч қандай хурсандчилик татимайди. Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши билан барчамизни хушёрлик қамраб олди. Шахсий гигиенага, соғлом ҳаётга мослашдик. Бироқ вазият бир оз юмшагандан сўнг яна бефарқ ҳаётга қайтгандек бўлмоқдамиз.
Коронавирус пандемияси жадаллик билан ўз кучини кўрсатаётган бир вақтда туманимизда истеқомат қилаётган айрим тумандошларимиз бунга бутунлай бефарқ қарашмоқда. Бўлаётган жараёнга панжара ортидан эмас, тик қарамоғимиз лозим. Ҳозирги вақтгача туманимиздан 99 та хонадонда 533 нафар фуқаро карантинга олинган. Ушбу фуқароларни назорат қилишлари учун 53 нафар Ички ишлар ходимлари йўналтирилган. Давлатимиз томонидан пандемиянинг тарқалишининг олдини олиш учун кўрилаётган чора – тадбирларга қарамасдан карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. 25 июнь санасида туманимизда бир куннинг ўзида 20 та карантин қоидаларини бузиш ҳолати аниқланди. Туман марказида жойлашган деҳқон бозорини кузатишимиз жараёнида карантин қоидаларига эътиборсизлик ҳолатларига дуч келдик. Туман санитария – эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари бозор ҳудудида юриб ўз ишларини мукаммал бажаришмаяпди. Ўзларининг ваколатларига нималар киришини ҳанузгача тўлиқ англаб етишолмаган. Савдо қилаётган сотувчиларнинг аксариятида ниқоби бўйнига тушуриб қўйилган. Бамалол харидорлар билан мулоқотга киришишмоқда. Бозорга кираётган харидорларнинг ҳам кўпчилигида ҳимоя ниқоблари йўқ. Борлари ҳам бўйнига тушуриб олиб ҳаракатланишмоқда. Ўзининг соғлиги учун қайғуришмаяпди. Ушбу инфекцияга чалинган юртдошларимиз ўзлари англаган ҳолда юқтириб олишмаган. Улар ҳам бошида менга юқмайди деган фикрда бўлишгандир балки. Бошлари бориб тошга теккандан сўнг пушаймон бўлишмоқда. Шу ўринда туманимизда йўналиш бўйича фаолият олиб бораётган ҳайдовчиларга мурожат қилмоқчиман: йўловчи олаётганингизда белгиланган тартиб – қоидаларга риоя қилинг. Йўловчи билан ҳайдовчи ўртасидаги масофани сақланг. Ёдингизда бўлсин сизни ҳам, йўловчини ҳам уйда фарзандларингиз кутишмоқда. Яқинларингиз ва ўзингизнинг ҳаётингизни хавфга қўйманг. Кузатув жараёнимизда туманимизда ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган Миллий гвардия ходимлари яқиндан ёрдам бериб, аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришди. Унутманг ҳеч ким сизни ўзингизчалик хавфдан ҳимоя қила олмайди.
Райҳон Менгзияева