Яратилган имконият. шароитдан самарали фойдаланиш ёшларнинг ўзига боғлиқ

Сурхондарё вилоятида «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси доирасида эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига ғалладан бўшаган майдонлардан бир гектардан ер ажратиб берилмоқда.
Жорий йилда вилоят ғаллакорлари 93 минг гектар майдонда деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштирди. Бу йил дони йиғиштириб олинган 3 минг 100 гектарга яқин майдон «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси доирасида ёшларга ажратилиб, уларнинг такрорий экин экиши ва яхши даромад олиши учун барча шароитларни яратиш белгиланган.
Шунга мувофиқ, Қумқўрғон туманида ташкил этилган тадбирда вақтинча иш билан банд бўлмаган 268 нафар ёшларга ҳосили йиғиштириб олинган майдонлардан бир гектардан ер тақсимлаб берилди. Бу тадбирнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, фермер хўжаликлари раҳбарлари беғараз мавсумда фойдаланиш учун бераётган мазкур ер майдонларини шудгорлаб, такрорий зироат экишга шай қилиб беради. Ёш деҳқонлар бу майдонларда полиз ва дуккакли маҳсулотлар етиштиради.
Карантин вақтида ўтказилган қайта ўрганиш натижасига кўра, туманда 3 минг 58 нафар ишсиз қолган ёш аниқланган. Ўтган даврда турли соҳалардаги бўш иш ўринларига уларнинг 1 минг 474 нафари ишга жойлаштирилган.
Туманда дони йиғиб олинган дастлабки майдонларни ёшларга ажратиш чоғида 1-секторга қарашли Янги авлод маҳалласидаги «Раҳмон Али Шарифжон» фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган майдонларидан 67 нафар ўғил-қизнинг ҳар бирига бир гектардан ер ажратиб берилди.
Фермер хўжалиги даласида вилоят ҳокими Тўра Боболов туман ёшлари билан очиқ мулоқот қилиб, уларни ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланишга ундади.
– Бу йилги мураккаб вазиятда аҳоли бандлиги, хусусан, вақтинча ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш муҳим масалалардан биридир, – деди вилоят ҳокими. – Бугун кўпчилигингиз иш билан банд бўлиб, ғалладан бўшаган майдонларнинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш имкониятига эга бўлдингиз. Энди бу ердан олган даромадингиз билан ўз тадбиркорлик фаолиятингизни бошлашингиз мумкин бўлади. Шунингдек, бозорларимизни арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдек хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшасиз, деган умиддаман.
Учрашувда ёшлар вилоятнинг биринчи раҳбари билан келгусидаги орзу-истаклари ва режаларини ҳам баҳам кўрди.
– Мен тикувчилик касбига қизиқаман, – дейди ўзбекистон беш йиллиги маҳалласида яшайдиган Пардаҳол Раҳмонова. – Лекин, оилавий шароитим тўғри келмаганидан тикув машинаси олишга имконим етмай турган эди. Ўзим вақтинча ишсизман. Бугун бошқа тенгдошларим қаторида менга ҳам «Раҳмон Али Шариф» фермер хўжалигининг ғалласи ўриб олинган даласидан қайта шудгор қилинган ер майдони ажратилди. Уруғни ҳам фермернинг ўзи экиб берди. Биз ёшлардан энди фақат меҳнат қилиб, даромадга эга бўлиш қолди. Бу мен учун кутилмаган янги икониятдир. Албатта, бундан унумли фойдаланиб, топган даромадимга янги тикув машинаси сотиб олиш ва яна ўзимга ўхшаган икки нафар қизни иш билан таъминлашни ният қилдим. Бизга бундай ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан миннатдормиз.
Шижоаткор қизнинг орзусини тезроқ рўёбга чиқариш учун вилоят ҳокими П.Раҳмоновага тез кунда совға сифатида замонавий тикув машинаси етказиб берилишини айтди.
Ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган воҳада 49 минг 924 нафар ишсиз йигит-қиз аниқланган бўлиб, йил давомида уларнинг қарийб 78 фоизини доимий иш билан таъминлаш юзасидан манзилли режа ишлаб чиқилган. Жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида шу кунгача 18 мингдан зиёд ёш ишга жойлаштирилди.