Қадрли дўстлар!
Мустақиллигимиз бебаҳо неъмат эканлигини эл-юртимизнинг онг-у тафаккурига сингдириш, истиқлолнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашда миллий матбуотимизнинг ўрни беқиёс. Ўтмиш ва бугуннинг солномасида оммавий ахборот воситаларининг муносиб ҳиссаси бор. Маърифатпарвар аждодларимизнинг эзгу ишларини давом эттириб, қалами, ҳақ сўзи билан кўнгилларга кириб бораётган соҳа ходимлари бугун ўзларининг касб байрамларини нишонламоқда. Журналистларнинг ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини очиб бериш, тафаккуримизга сингдириш, қўлга киритаётган ютуқларимизни кўз-кўз қилиш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлаётган муаммоларни дадил кўтариб чиқариш, мавзуга холисона ёндашиш каби мезонлар миллий матбуотимизнинг ўзгармас қоидасидир. Муҳтарам Президентимиз раҳномалигида ОАВ фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, журналистлар меҳнатини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепсиясида оммавий ахборот соҳасини давр руҳига ҳамоҳанг тарзда ислоҳ этиш, журналистларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун барча зарур ҳуқуқий-ташкилий, моддий ва маънавий имкониятларни яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Оммавий ахборот воситаларини халқнинг кўрар кўзи, тили, жамиятнинг кўзгуси, адолат тарозиси, халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприк деб атаймиз. Бугун шиддат билан ривожланаётган глобаллашув, ахборотлар даврида яшаяпмиз. Бу эса ўз навбатида миллий матбуотимизга ҳам тезкорлик, холислик, шаффофлик, аниқлик билан иш кўриб, замон билан ҳамнафас бўлишни даврнинг ўзи талаб этади.
Азиз дўстлар!
Туманимизнинг кўзгуси сифатида «Қумқўрғон садоси» газетаси туман ҳаётида содир бўлаётган воқеликларни сиз азизларга етказишда самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, газета 1978 йил 1 апрелда «Меҳнат Шарафи» номи билан илк сони ўқувчилари қўлига бориб етган эди. Бугун газетанинг 3206 сони нашр этилмоқда. Ўтган давр мобайнида таҳриррият жамоаси ўз олдига қўйган мақсади сари дадил одимлади. 2010 йилдан бошлаб рўзнома янги номда, янги бичимда, рангли тарзда Самарқанд шаҳридаги “Ношир Люкс” босмахонасида замонавий дизайнда чоп этилмоқда. “Қумқўрғон садоси” номи билан чоп этилаётган газетамиз бугун ҳар бир хонадонга хушхабар, янгилик олиб кирмоқда. Ўқимишли мақолалар, янги дизайндаги саҳифалар, қайноқ ҳаёт тафти, энг сўнгги хабарлар газета саҳифаларида жой олган. Бир сўз билан айтганда газета ўқувчилари қалбида акс садо топаётган кўзгуга айланиб бормоқда. Кун сайин, соат сайин давр шиддат билан олға бормоқда. Ана шундай пайтда ўз касб маҳоратини кўрсата олган ҳолда журналистларимиз ҳар бир мавзуга холисона ёндашиб, ҳақ сўзнинг қудратини амалда кўрсатмоқда.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Бу сана нафақат соҳа хизматчилари, балки уларнинг ижод маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, барча зиёлиларимиз, халқимиз томонидан қутлуғ байрам сифатида нишонланади. Оммавий ахборот воситаларимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири доимо қадрланиб келинган. “Тўртинчи ҳокимият” сифатида тобора катта ишонч ва ҳурмат қозониб бораётган экан, бунинг негизида, авваломбор, журналистлар, кўп ҳолатларда кўзга ташланмайдиган камтарин муҳаррирлар, ноширлар, матбаа соҳаси ва замонавий ахборот-коммуникация тармоқларининг минг-минглаб заҳматкаш ишчи-хизматчиларининг кундалик оғир ва сермашаққат меҳнати мужассам.
Сана муносабати билан барча журналистларни, матбаа соҳаси вакилларини самимий муборакбод этиб, заҳматли, аммо, шарафли касбларида ижодий ютуқлар тилайман.