Ҳамкорлик тадбирлари ўтказилмоқда

Аёллар муаммоларига шунчаки кўз юмиб бўлмайди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, тиббий маданияти ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, айниқса, оилаларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий асосларини кафолатлаш бугун ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Зеро, оналар чеҳрасига қувонч, мамнунлик ва шодумонлик улашиш, ҳар бир оилада тинч, тўкин, фаровон ва барқарор ҳаёт барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.
Аёллар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуриш, шунингдек, шаръий ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби муаммоларни бартараф этиш масалалари бўйича “Оқтом” маҳалласида аёллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Маҳалла ва оилани қўллаб – қувватлаш туман бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари С. Валиева, туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник И. Полвонова, туман кенгаши депутати Р. Менгзияевалар қатнашишди.
Энг аввало, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ва бу борада жамоат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар айтиб ўтилди. Йиғилишда хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, мавжуд муаммоларнинг илдизини чуқур ўрганиш ва уни бартараф этиш чораларини кўриш ва ҳал этиш муҳимлигига алоҳида урғу берилди.
Муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.