Янги Ўзбекистон ёшлари

Худойбердиева Сабина – 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби дутор синфи ўқитувчиси
Янги Ўзбекистоннинг ривожи учун муносиб ҳисса қўшадиган ёшларга мусиқа йўналишида бор имкониятимдан фойдаланиб таълим беришни бурчим деб биламан. Миллий анъаналаримизнинг садолари бўлган чолғуларимизни бутун дунёга танитиб, энг юқори марраларни келажак авлод билан биргаликда забт этамиз.

Хурсанов Шерали – 11- Болалар мусиқа ва санъат мактаби Афғон рубоби синфи ўқитувчиси
Янги Ўзбекистон ёшлари! Барчангизда ишонч, умид ва албатта, кучли ирода мужассамдир. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан барча соҳаларда янгиликлар, ўзгаришлар қилинмоқда. Жумладан, маданият соҳасида ҳам. Бахшичилик санъати, миллий чолғуларимиз томонидан ижро этилаётган куйлар тикланди. Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб биз ёшлар -Янги Ўзбекистонга шаҳдам қадам қўйишга тайёрмиз!

Номозов Муҳиддин – туман мактабгача таълим бўлими методисти

Мактабгача таълим соҳасида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Мактаб ёшига етган бола бошланғич таълимни олишга тайёр бўлиб чиқиши лозимлиги белгиланди. Қилинаётган эътибор, изланишлар болаларнинг келажаги учундир. Марказдан олисда жойлашган қишлоқларда ҳам ҳозир болалар боғчага боришмоқда. Инглиз тилида, рус тилида бийрон қилиб шеърлар айтиб беришмоқда. Кўзларидан ўт чақнаб турадиган, ҳаётга, келажагига ишончи бор ёшлардан умидимиз катта. Мен ҳам келажак эгалари бўлган болажонларнинг таълим-тарбия олиш жараёнида ўз ҳиссам қўшилаётганидан жуда бахтиёрман.

Муҳиддинов Парвиз – туман тиббиёт бирлашмаси поликлиникаси Лор врачи

Барчамизнинг олдимизга қўйган мақсадимизга эришишимиз учун, аввало, хотиржамлик керак бўлади. Мана шундай тинч, осойишта юртда туғилганимдан фахрланаман ва бу менинг бахтим деб биламан. Шифокорлик касбини танлаганимдан ғурурланаман. Кимнингдир дардига шифо бўлиб, кўзларида миннадорлик ҳиссини туйишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Тиббиёт соҳасида бўлаётган янгиликлардан оқилона фойдаланиб, халқимизнинг саломатлиги йўлида меҳнат қилиш биз учун шарафдир. Ёшлик давримизда барча билим ва кўникмаларни пухта эгаллаб, ўз касбимизнинг етук мутахассиси бўлишимиз керак.

Маматалиев Нуриддин – Болалар анестезиолог ва реаниматологи
Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Ёшлар том маънода, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидир. Зеро, янги Ўзбекистон ёшлари – келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир. Касбим тақозаси билан ҳаёт билан курашаётган жажжи болажонлар билан ишлайман. Ҳаётимизнинг мазмуни бўлган болажонларнинг дардига малҳам бўлиб ҳаётга қайтарганимда беихтиёр кўзларимдан ёш чиқади. Кичкина бармоқчалари билан қўлларимни ушлаб миннатдорликларини изҳор этишади. Вояга етиб келажакда шу болажонлардан ҳам етук мутахассислар чиқиши мумкин. Талабалик йилларимда бутун эътиборимни билим олишга, амалиёт даврида ниманидир ўрганишга ҳаракат қилганман. Ҳозирги иш фаолиятимда ўша вақтда ўрганганларим ёрдам беряпди. Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас, доим шаҳдам қадамлар билан юришга лойиқдир.