Вилоят ҳокими Қумқўрғонда

Туманимизда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, фольклор ва бахшичилик санъати ривожига кўп аҳамият қаратилаяпти. Ёш авлодни ҳар жиҳатдан камолга етказиш, оилаларнинг гултожи бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Вилоят ҳокими Тўра Боболов туманимиздаги «Халаки» маҳалласида амалий семинарда иштирок этди. Ушбу семинар ноанъанавий тарзда ташкил этилди. Туманда эришилган натижалар ва бажарилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Тадбирда туман маданият бўлими тизимидаги «Боботоғ гуллари» фольклор-этнографик дастаси, «Маҳлиё» болалар фольклор-этнографик дастаси, таниқли бахшилар иштирокида концерт дастури ҳамда спорт чиқишлари намойиш қилинди. Мактаблардаги моҳир қўллар тўгарак аъзолари томонидан тайёрланган хилма-хил буюмлар кўргазмаси намойиш этилди. Таъминотчи корхоналар томонидан банклардан ажратилаётган имтиёзли кредитлар асосида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида инкубатор, тикув машиналари, янги асбоб-ускуналар кўргазмаси ҳам иштирокчиларнинг эътиборини ўзига жалб қилди. Бўш иш ўринлари ярмаркаси намойиш этилди. Тадбиркорлар ва ёшларга янги иш ўринларини яратиш, бизнесни ривожлантириш ҳақида тўлқинланиб гапирди.
– Мен «Шерозий сity” МЧЖни ташкил этиб, ишлаяпман. Паррандачилик йўналишида тадбиркорлик билан шуғулланиб, аҳолига саховатли бир ишни амалга ошираяпман. Ҳар бир хонадонга 100 тадан товуқ бериб, уларни иш билан таъминладим. Улар ўз хонадонларида тухум етиштириб, бизга 80-90 та тухум топшираяпти. Уларни манфаатдор қилиш мақсадида 10-15 та тухумни ўзларининг рўзғори учун қолдираяпман. Хонадон эгаларининг бизга тухум етиштириб топширишига қараб 1 миллионгача иш ҳақи бераяпман, – деди тадбиркор Шерзод Нурманов.
«Халаки» маҳалласи ички йўллари учун тош ва шағал тўшаш ишлари олиб бориш белгиланди. Бунинг учун штаб тузилиб, бу ишлар шу куннинг ўзида амалга оширилди.
Йиғилиш ташкилотчилари ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга инкубатор қурилмаси ва тикув машиналари топширилди. Вилоят ҳокими «Боботоғ гуллари» фольклор-этнографик дастасига саҳна либослари учун 50 миллион сўм ҳамда автобус ажратиш вазифасини молия бўлимига топширди. Вилоят ҳокими янги жорий этилган маҳаллаларда иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари билан маҳаллаларда амалга ошириладиган ишлари ҳақида суҳбатлашди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган кўчма автобусда келган тиббиёт ходимлари маҳаллада яшаётган кекса-ю ёшларни кўрикдан ўтказиб, зарур ёрдамларини берди.

Р. МЕНГЗИЯЕВА