Ҳалқ фаровонлиги йўлида

Ҳаётимизга кредит, субсидия сингари амаллар кириб келаётгани бугунги куннинг заруриятими? Албатта, Юртбошимиз коронавирус шароитида аҳолининг ишсиз қолган қатламини иш билан банд этиш, ишбилармонликнинг турлича йўлларини амалга оширган ҳолда ночорлик, камбағаликдан чиқиш йўлларини кўрсатиб бераяпти.
“Ҳар бир оила-тадбиркор”, “Ёшлар -келажагимиз” сингари Давлат дастурлари бўйича банклар томонидан берилаётган кредитлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадларига қаратилганлиги билан эътиборлидир.
Мана, эндиликда карантин сабаб субсидия деган ҳаётий амалиёт ҳам турмушимизга кириб келди. Президентимизнинг жорий йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республика Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳам бу борада амалга ошириладиган дастурий иш режалари ишлаб чиқилди.
Тўғри, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 майда имзоланган “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ айни пайтда хонадонларга енгил конструкцияли иссиқхоналар, суғориш воситаларини харид қилиш, уруғ ва кўчатлар сотиб олиш учун белгиланган миқдордаги пул маблағлари ажратилиб, бериб борилаётганлиги деҳқончилик ишларини йўлга қўйишда жуда қўл келмоқда. Яъни, хоҳ у натура, хоҳ у нақд пул шаклида бўлсин мутлақо беғараз, яъни давлат томонидан қайтариб олинмаслик шарти билан берилаётган кўмакдир.
Бу тараққиёт ва ривожланиш йўли қишлоқ хўжалик соҳаларида ҳам қўлланилаётганлиги кейинчалик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳолининг меҳнатга бўлган муносабатини яхшилаш имкониятини яратади. Давлат томонидан чорвачилик хўжаликларига берилаётган субсидиялар ҳам паррандачилик, чорвачилик соҳаларини ҳам ривожлантириш мумкин. Айнан хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолларни етиштириб сотадиган наслчилик хўжаликларига ушбу қарор доирасида бир марталик субсидия ажратилади.
Хусусан, республика хўжаликларидан олинаётган қорамоллар ҳар бир бош сонига 1 миллион сўм, хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамоллар учун 2 миллион сўмдан, шунингдек наслдор қўй-эчкилар учун 400 минг сўмдан субсидия берилиши белгилаб қўйилган.

Т. Пардаев,
Инспекциянинг Қумқўрғон тумани бўлими чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича катта инспектори