Ёмон кўздан сақланиш

Фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш энг муҳим вазифадир. Зеро, ёшликда ўрганган одоб билан бола ўсиб улғаяди. Ёш болаларда учрайдиган тажанглик, урушқоқлик, шошқолоқлик, палапартишлик, қўрслик каби салбий одатлар ўз вақтида тўхтатиб қолинмаса, катта бўлганида буларни ташлаши қийин кечади. Бундай ёмон сифатлар унда мустаҳкам ўрнашиб, бузуқ ахлоқларга айланади. Натижада инсон қанчалик ҳушёр бўлишга уринмасин, кун келиб, унинг бу яширин одатлари юзага чиқади.
Шу туфайли баъзи кишиларни бу каби хунук ҳолатларда учратиб қоламиз. Бу ҳолат уларнинг нотўғри тарбия олгани оқибатидандир. Шунингдек, болани беҳуда ишлар ва кераксиз гап¬сўзлардан узоқ қилиш керак. Албатта, булар ҳеч қачон боланинг одобига ижобий таъсир ўтказмаган. Болани ёлғончи бўлишдан сақлаш керак. Агар ота¬она болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштирса, унинг дунё ва охират саодатига хавф солган, ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади. Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва доимо роҳатда бўлишга ташлаб қўймасдан, унга фақат етарлича куч тўплаб оладиган даражада ором берилади. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг оқибати пушаймонликдир. Меҳнатдан толиқишнинг дунё ва охиратда мақтовли натижаси бор. Буюк муфассир Яҳё ибн Абу Касир ҳам: “Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди”, деб бежиз айтмаган. Фарзандни илм ва ибодатга рағбатли қилиб тарбиялаш керак. Ана шунда бола катта бўлганда вақтининг кўп қисмини илм олиш, касб¬ҳунар ўрганиш ҳамда ибодат билан машғул бўлишга ажратади. Албатта, ёшлигидан буларнинг барчасига одатланган бола катта бўлганида ҳаётда қийналмайди. Шунингдек, болани ортиқча овқатланиш, гапириш ва кўп ухлашдан йироқ қилиш керак. Зеро, зиён мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватларнинг зарарларидан узоқлаштириш, улар ортидан келиб чиқадиган зарарларнинг оқибатини яхшилаб тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Кўп кишилар фарзандларини ўз ҳолларига ташлаб қўядилар, одоб¬тарбия бермайдилар, уларнинг хоҳиш, истакларини амалга оширига ҳаракат қиладилар. Бу ёрдамлари билан баъзида боланинг бахтига зомин бўладилар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб, аслида эса келажакда хор бўлишига сабабчи бўладилар, унга раҳм¬шафқат қиляпмиз, деб, аслида унга зулм қилган ҳамда яхшиликдан маҳрум этган бўладилар. Шунингдек, оғзи шалоқ, хулқи бузуқ кимса билан суҳбатлашишдан ҳам болани эҳтиёт қилиш керак. Отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири ҳунук оқибатларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан манфаат топа олмайди. Фарзанд ҳам отасининг яхшилигидан ва манфаатидан маҳрум бўлиб ўсади. Хусусан, агар фарзанд ўғил бўлса, унга ипакдан тайёрлаган кийим кийгазиш мумкин эмас. Бу унинг жисми ҳамда тарбиясига салбий таъсир этиб, уни аёлтабиат қилиб қўяди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Гўдак мукаллаф бўлмаса¬да, ота¬она мукаллафдир. Уларнинг болани ҳаром йўлга кириб кетиши учун имконият яратиб беришлари ножоиз, албатта. Негаки, бола нимага одатланса, ундан ажралиши оғир бўлади. Боланинг қобилияти ва қизиқишига қараб иш тутиш, уни қайси ишга қобилияти бор, қандай ишларни уддалай олишини назарда тутиш зарур. Ота¬она фарзандларини фаҳм¬фаросатли, хотираси кучли, тезда илғаб оладиган ва билимга рағбатли деб билишса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёр экани аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси бўм¬бўш экан, унга илмни нақш қилишсин ва бу билан илм унинг қалбига муҳрланиб, ривожланиб борсин. Агар болада баҳодирлик ва шунга ўхшаш спорт турларига қобилияти сезилса, уни ўзи ёқтирган спорт тури билан мунтазам шуғуллантириш мақсадга мувофиқ бўлади.
А. Хаитов,
“Шоҳ Машраб” жоме масжиди имом ноиби