Қонун ҳимоячилари номига доғ тушириб…

Аслида ҳуқуқ тарғибот органлари ходимларига нисбатан қонун ҳимоячилари, тинчлигимиз посбонлари дея ҳурмат кўзлари билан қараймиз. Шерзод Ғаниев (исм фамиялар ўзгартирилган) ички ишлар органларидан кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, истеъфога чиқиб нафақалик гаштини суриб келаётган эди.
Бугун ана шу соҳанинг нафақасидан фойдаланаётган бўлсада, негадир борига қаноат қилмадимикан? “Қаҳрамонимиз” боши берк кўчага кириб қолди. У жиноят ишлари бўйича Шўрчи тумани суди раисига яқин қариндошлари ва ўзи ҳақида тўплаган маълумотларни юқори турувчи идораларга юборишини айтиб таҳдид қилди. Ўз навбатида эвазига 80 млн. сўм миқдорида пул талаб қилиб, 2019 йилнинг ноябрь ойида эса талаб қилган пулнинг 2 млн сўмини олишга ҳам улгурди. Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Денов туманидаги маҳаллардан бирининг ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур фуқаро ўзининг яшаш уйининг олдида қолган 78 млн сўм пулларни товламачилик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳалоллик кишини улкан чўққиларга етказади, қалбини поклайди.
Бу йўлда адашганлар эса эл ичра шармисор бўлади. Ажабки, Ш.Ғаниев ҳалолликнинг эмас, нафснинг сўзига кирди. Бу билан бир ўзини эмас, яқинларини ҳам уятга қуйди.
Жиноят ишлари бўйича Музработ тумани суди томонидан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
А. Хушбақов,
Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлим бошлиғи
Ш.Азизов,
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори