Олис ҳудуд фидойилари

Бундан узоқ йиллар муқаддам чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли учун шифокор қабулига бориш кўплаб муаммоларни келтириб чиқарган. Тиббий кўрикдан ўтиш учун туман марказига бориш, йўл ҳаққи харажатлари, транспорт муаммосига учрашган. Биринчи ёрдам кўрсатиш учун тез ёрдам хизматидан фойдаланиш ҳам муаммо бўлган. Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиздаги барча чекка ҳудудларда ҳам қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникалари очилди. Барча аҳолига бирдек хизмат кўрсатиб келишмоқда. Илгари кимдир ёрдам сўраб қишлоғидаги врачлик пунктига борса, у ердан керакли шифокорни тополмаган. Тиббиёт соҳасида бўлаётган ўзгариш, янги дори воситалари ҳақида билишмаган. Айби -олис ҳудудда яшагани, бўлган.
Куни кеча туманимиздан қарийиб 40 чақирим узоқликда жойлашган “Чўкирли” маҳалласидаги 36-Қишлоқ оилавий поликлиникасида бўлдик. Ушбу тиббиёт маскани 8 та маҳаллага “Шерози”, “Исломобод”,”Чўкирли”, “Оқтом”,”Пастхам”,”Каттакўл”,”Кўганли”,”Тўда” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 24647 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Қишлоқ оилавий поликлиникасида стоматолог, умумий амалиёт шифокори, турли хил таҳлиллар учун лаборатория хонаси, аёллар маслаҳат хонаси аҳоли хизматида. -Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда иш вақти графиги қандай?,-деган савол кўпчилигимизни қизиқтириши шубҳасиз, албатта. Бунда тор мутахассисликлар бўйича барча шифокор тун-у кун фаолият юритадими?
-Қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларида, шунингдек, кўп тармоқли поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш муддати эрталаб 8:00 дан кеч соат 20:00 га қадар амалга оширилади. Бунда тиббиёт ходимлари навбат билан ўзаро алмашиб, график асосида ишлайди. Шунингдек, бу жойларда аҳоли учун бирламчи тиббий санитария ёрдамидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида тун-у кун фаолият юритадиган, яхши жиҳозланган тез ёрдам подстанциялари ташкил этилган. Тор соҳа мутахассислари эса ўзлари эгаллаб турган ставкалари миқдорида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.36-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳам тез ёрдам хизмати йўлга қўйилган. 2 та тез ёрдам машинаси аҳоли чақирувлари учун хизмат қилишмоқда. Тез ёрдам бўлимида сидқидилдан кун-у тун хизмат олиб бораётган 20 йилдан буён халқ хизматида бўлган Норқулова Менглихол, Абдуллаев Ғайрат, Ҳамидов Абдуғаффорларни чинакам маънода соҳа фидойилари десак арзийди. Жонимиз оғриганда дармон бўладиган, яқинларимизнинг ҳаётини асраб қолгувчи қаҳрамонларимизни қанча эъзозласак камлик қилади. Жумладан, 36-Қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Улуғбек Қорабоев ушбу жамоани моҳирлик билан бошқармоқда. Беморларнинг дардига малҳам бўлиб, ширинсўзлиги билан даволамоқда. Фаолият олиб бораётган барча жамоага халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилишда ҳормай, толмай меҳнат қилишларини тилаб қоламиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА