Пайнет тўловидаги юлғичликлар

Замонавий мобиль телефонлари етиб бормаган хонадон қолмади, ҳисоб. Кичик қурилманинг катта хизматлари одамларни тез вақт ичида ўзига ром этди. Ота-оналар фарзандлари билан доимий телефон алоқасида бўлиб, уларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлаяпти. Узоқда ишлаётган фарзанди билан тарбиявий ишларини мўъжазгина қурилма воситасида давом эттираяпти. Бир оилага келин бўлиб тушган аёл ота-онаси, укаларини соғиниб, улар билан телефон суҳбати ёрдамида дийдорлашмоқда. Овозидан қалби таскин топиб, соғ-эсонлигидан, турмуши яхши кечаётганидан хурсанд бўлаяпти.
Кайфияти яхшиланиб, уй-рўзғор ишларини сифатли бажараяпти. Оила аъзолари билан самимий, хушчақчақ муомала қилаяпти. Мутахассис кадрлар касби бўйича ишларини бажаришда узоқни яқин қилувчи қурилмадан кенг фойдаланаяпти. Қишлоқ шароитида тез ёрдамга зарурият бўлганда мобиль телефондан қўнқироқ қилиш асқотаяпти.
Мобиль телефони электр энергиядан қувват олиб, пайнет тўлови амалга оширилгач гаплашишга шай ҳолга келаяпти. Бунинг учун аҳоли турар-жой манзилларида пайнет хизмат кўрсатиш шаҳобчлари фаолияти ташкил этилди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ҳолда мижозларга хизмат кўрсатилмоқда. Пайнет тўловларини қабул қилувчилар мижозлар билан доимий мулоқотда бўлиб уларнинг уяли телефони учун тўловларни олаяпти. Пайнет тўловини амалга оширганлар ўзаро суҳбатлашиш билан бирга интернет, кабель телевидениеси, коммунал тўловлар, давлат хизматлари каби 400 дан зиёд хизматлар учун пул ўтказишлари мумкин. Тўловларни бажариб 1,5 фоиз пайнет бонусига эга бўлмоқда.
Қумқўрғон туманида мобиль алоқа телефонлари учун пайнет тўловларини қабул қилиш шаҳобчалари жорий этилганига кўп йил бўлди. Одамлар тадбиркорлик шаҳобчасини очиб, мижозларнинг тўловларини қабул қилаяпти ва уяли телефонларининг ишлашини таъминлаяпти. Албатта, бундай замонавий қулайликларнинг бори яхши. Бироқ гап мижозларга намунали хизмат кўрсатиш, улардан ортиқча тўловларни олмаслик ҳақида бораяпти. Биз тумандаги аҳоли гавжум жойлардаги пайнет шаҳобчалари фаолияти билан яқиндан танишдик. Хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида фуқароларнинг мобиль телефонлари учун тўловларни қабул қилаётганлар ҳар хил миқдордаги суммаларни  ўзи учун олиб қолаяпти. Жами 19 та пайнет тўловларини амалга ошираётган шаҳобчаларда бўлдик. Кўпчилик пайнет шаҳобчалари ходимлари хонага компьютер қурилмаларини ўрнатиб мижозларга хизмат кўрсатаяпти. Уларнинг замонавий кўринишдаги хоналари, кўргазмали воситалари, ораста кийиниши, самимий муомаласи мижозни жалб этаяпти. Лекин тўловни амалга ошириш жараёнида «ичидан пишганлиги» маълум бўлаяпти. Намунали хизмат кўрсатаётган, кам миқдорда ҳақ ушлаётганлар борлиги қувонарли. Айниқса, «Барака савдо мажмуаси»даги янги № 6-дўконда ишлаётган хизматчи пайнет тўловини тўлиқ телефон рақамига ўтказаётганлиги ибратли. Микрокредитбанк олдидаги компьютер ва принтерларга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчасида мобиль алоқа учун 5000 сўм тўлаган мижоздан 200 сўм, 10000 сўм тўлаган фуқародан 500 сўм пулини ушлаб қолаяпти. Шунга яқин жойдаги парфюмерия дўкони сотувчиси мобиль телефони воситасида пайнет тўловни амалга оширганда  5000 сўм тўловдан 200 сўм, 10000 сўм тўловдан 500 сўм пулни ўзига иш ҳақи сифатида олиб қолаяпти. «Турон» меҳмонхонаси ёнидаги пайнет шаҳобчасида 10000 сўм тўлов бўлганда 500 сўм олиб қолар экан. Стоматология клиникаси биносининг биринчи қаватидаги пайнет шаҳобчасида бошқаларга ўхшамаган хизмат кўрсатиш усулига дуч келдик. Хизматчи мижозлар 10000 сўмгача пул тўласа 500 сўм, 30000 сўмгача тўлов қилса 1000 сўм оларкан. Бундай инсофли инсонлар қаторига М-41 йўли ёқасида қурилган савдо дўконлари охиридаги, Қумқўрғон Оқсой савдо комплекси МЧЖ олдидаги, Бекат савдо дўконидаги, икки қаватли савдо дўконлари қаторидаги «Ҳавас», Уселл компанияси, Истиқлол мебеллар маркази, Ўзагросуғурта пайнет шаҳобчалари ходимларини киритиш мумкин. Чунки улар 10000 сўм тўлаган мижоздан 500 сўм ушлаб қолмоқда.
Нафси очилган пайнет ходимларининг касри мижозларнинг тўловига кўп салбий таъсир қилиш ҳолатлари ҳам учраяпти. Темир йўл станцияси ёнидаги пайнетда 10000 ва 11000 сўм тўлов амалга оширилса 1000 сўм, Жалоир Ором Файз хусусий корхонасининг иккита пайнет шаҳобчасида 5000 сўм тўлаган мижоздан 500 сўм, 10000 ва 20000 сўм тўласа 1000 сўм олинмоқда. Осиё тўйхонаси биноси ва Олтин сарой ҳовлисидаги пайнетларда ходимлар 5000 сўмдан 500 сўм, 10000 сўмдан 1000 сўм  ишлаяпти. «Македон Файз» савдо хусусий корхонаси олдидаги пайнетда ходим телефон воситасида тўловни бажариб 10000 сўмдан 1000 сўмни ўзига олиб қолаяпти. Савдо дўконларида телефон ёрдамида мобиль телефонига пул туширувчилар сони бундан кўп.
Шу ўринда фикр-мулоҳаза юритсак, пайнет тўлови учун келган фуқаро 10000 сўм пулни топиш учун анча вақт сарфлаб меҳнат қилаяпти. Рўзғорни бус-бутун қилиш учун машаққат билан пул топаяпти. Пайнет шаҳобчасидаги ходим тўловни компьютерда қайд этиш учун 1 дақиқача вақт сарфлаяпти. Шу озгина меҳнат учун 1000 сўм олиш нотўғри. Бир нафар тадбиркорнинг айтишича, агар пайнет хизмати учун бир кунда 500000 сўм пул тушумини амалга оширса компания шунинг 2,5 фоизини унга қайтариб бераркан. Буни ҳисобласак 12500 сўм бўлади. 30 иш кунида шунча пул топса 375000 сўм компания томонидан берилади. Мижозлардан олиб қолаётган пуллар ҳам анча миқдорни ташкил этади-ку.
Пайнет хизмати аҳолининг турмуш тарзидан кенг ўрин эгаллади. Мобиль телефон турмушга фаровонлик олиб келди. Кўзни қамаштирадиган даражадаги пайнет офисларидаги ходимлар халқимизнинг инсоф тушунчасини унутмасдан хизмат кўрсатса мақсадимиз муштарак бўлади.
      Н. МУҲАММАДИЕВ