«Ёшлар хиёбони» очилди

“Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” темир йўлининг қурилиб, фойдаланишга топширилгани туманимизда иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳаларнинг ривожланишига имконият эшикларини очди. Ҳар йили бунёдкорлик ишлари натижасида янги қулайликлар яратилаяпти. Тумандошларимиз замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш турларидан баҳра олишмоқда.
Қумқўрғон темир йўл вокзали мажмуасида “Ёшлар хиёбони” қурилиб фойдаланишга топширилиши ҳам хурсандчилик келтирди. Туман ҳокими Р. Гаппаровнинг ташкилотчилигида саховатли инсонлар маданий дам олиш истагидаги тумандошларимизга зарур шарт-шароитларни бунёд этди. Ширин ичимликлар, музқаймоқ, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган кичик-кичик, енгил конструкцияли савдо дўконлари, дам олиш жойлари бунёд этилди. Энг муҳими 30 нафар ёш иш билан таъминланди.
Кўркам, кўрса кўзни қувонтирадиган хиёбон тантанали равишда очилди. Хурсандчилик дамларида туман ҳокимлиги вакиллари, ташкилотлар ва корхоналарнинг раҳбарлари, нуронийлар қатнашди. Табриклар, дил сўзлари айтилди. “Бир пиёла чой” устидаги суҳбат ҳам йиғилганларга яхши кайфият бағишлади.