Ҳозирги ёшлар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни борлигини, унинг мазмун-моҳиятини яхши билади. Ҳақиқатан 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган янги қонун қабул қилинганди. Республикамиз ҳудудида яшаётган халқимизга эркинлик берилиб, улар ўзбек тилида эмин-эркин сўзлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш, жой номларини давлат тилида ёзиш каби қатор ҳуқуқларга эга бўлди. Қонун янги таҳрирда, ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилган ҳолда қабул қилинди. Аввалги ҳужжат ҳар томонлама бойиди.
Халқимизнинг миллий ва маънавий бойлиги бўлган тилимизнинг софлигини сақлаш, аҳоли орасида кенг қўллаш, бунга эришиш учун бажариладиган вазифалар тушунарли баён этилди. Шунинг билан бирга бир қаторда мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакилларининг ҳам тили ва миллий анъаналарини камситмаган ҳолда амал қилиш меъёрлари белгиланди. Жумладан янги таҳрирдаги қонуннинг 22-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот воситалари республика давлат тилида ёзилади ва эълон қилинади ҳамда рус ва бошқа тилларда такрорланади” деб ёзилган. Ҳар бир тилнинг ўз имлоси, услуби, ёзиш ва талаффуз қилиш меъёрлари бор. Шунга қарамасдан замонавий, гўзал меъморий кўринишда қурилган биноларнинг пешлавҳаларида, тижорат мақсадида тайёрланган кўргазмаларидаги ёзувлар орасида ўзбек тили қоидаларига, Давлат тили тўғрисидаги қонуннинг моддаларига мос келмайдиган русча ёзувлар учраётганлиги ачинарли ҳолдир. Буни мисоллар билан ифодалаганда муддоамизни англайсиз.
Ойдин кўчасидаги “Висол оқшоми” умумий овқатланиш биносининг рўпарасидаги кўргазмадаги ёзувни “Иссиқ хлеб нон”деб ўқиш таажжубланарли.
Бунинг ўрнига ўзбек тилидаги таржимаси ёзилса яхши бўлади. Йўл четидаги “Мега Аптека”, “Оптом маркет”, “Faberlic”, “artel” каби кўргазмалар ва хизматларни кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари пешлавҳаларидаги ёзувлар ҳам миллий урф-одатимизга, давлат тилимизга зид, маъноси тушунарсиз. Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ кўргазмаларни алмаштирса яхши бўлади, албатта. Шунга яқин тадбиркорлик субъектларидаги “Мебельная фурнитура”, “Авто мойка”, “Еврозабор” атамаларининг ўзбекчаси ҳам бир кўргазмада бўлиши мақсадга мувофиқ. Янгишаҳар маҳалласидаги тиббиёт муассассалари, дорихоналар орасида фаолият кўрсатаётган дўконлардаги тижорат кўргазмаларида ҳам камчиликлар кўп. “Mini market оптом”, Mini market Ксерокопия”, ”Парфюмерия”, Mini marken оптом нархларда” ёзувларини ўқиб, лотинча, криллча алфавитлар аралашмаси ҳамда русча сўзлар қўлланилгани англаб эгаларининг саводхонлигига шубҳа қилиш мумкин. Буларнинг ўрнига ўзбек тилидаги муқобилини топиш ва русча сўз билан аралаштирмасдан ёзишни маслаҳат берамиз. Оқсой маҳалласи ҳудудида катта асфальт йўл четига қурилган икки қаватли савдо дўконларида ҳам кўргазмали воситалар кўп. Уларнинг орасида “Optom parfumeriya”, “Авто запчаст”, “Жалюзи”, авто запчасть”, “Запчасти мир авто” каби русча, лотин ва крилл алефболарида ёзилган, имловий хатоси бор сўзлар қалашиб қолган. Шу кўча бўйлаб юришдан давом этганда “заказ қат-қат сомса доставка”, “Реклама”, “Заказ мебеллар”, Оптом матор мойи”. «Турон» савдо мажмуасида “Бытавая Техника” каби кўргазмалар ҳам амалдаги замон талабига тўғри келмайди. “Сурхон соҳили” кўчасида “Дарвоза решётка тайёрлаймиз”, “Grandpharum Аптека”, Дўстлик маҳалласидаги Ҳамза кўчасида “Оптом алко мир”, “Ксерокопия”, Лист бор” ёзувлари эътиборсизликнинг оқибатида кўпчилик кўрадиган жойларда илиб қўйилган. Нефтчилар маҳалласида “Menyuz” АЁҚШнинг кўчадаги кўргазмасида “Автомойка, карчер, пылесос, кузов салон”, бошқа тадбиркорлик субъектларидаги “Авто мойка”, “Оптом озиқ-овқат” каби ёзувлар ҳам ўқиган кишининг таъбини хира қилади. Навбаҳор маҳалласидаги катта йўл ёқасидаги ошхонанинг хизмат турларини билдирувчи кўргазмада “Доставка” сўзининг катта ҳарфларда ёзилгани меъёрнинг бузилганини кўсатмоқда. Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги “Баҳор” мажмуасида “Заказ сомса”,”Reklama markazi”, “Optom kanselyariya” каби хизмат турларини билдирувчи кўргазмаларда ҳам хатолар кўп. Пахтаобод маҳалласида “Иссиқ нон, заказ сомса”, Янгиер маҳалласида “Денов заказ сомса”, “Автомойка”, Янги қишлоқ маҳалласида “Мотор ходовой ремонт”, Боймоқли маҳалласида “Моторная масло” каби русча атамалар, сўзлар қўшилмасидаги хизмат турлари ёзилганлиги нега назардан четда қолмоқда? “Заказ” сўзининг ўрнига “буюртма”, “достовка” сўзи ўрнига “етказиб бериш”, “Авто мойка” атамасини “Автомобилларни ювиш жойи” деб аташ тушунарли бўлади. Шу ўринда замонамизнингг зайли билан тайёрланаётган кўргазмаларни ишлаб чиқараётган устамонларни ҳам тартибга чақиришга зарурият сезилаётганлигини ҳам эслатиб қўймоқчимиз. Тадбиркорларнинг фаолият кўрсатишига рухсат берилиши билан биргаликда масъулият ва жавобгарлик каби ҳисларни бажариш ҳам белгиланган. Тил – миллий қадриятимиз. Илм-фан нуқтаи назаридан олиб қараганда тил бизнинг ўзлигимизни билдирувчи, эркин фаолият юритишимизни таъминловчи ажралмас қисмимиз, жисмимиз. Туманимиздаги мулкдорларни амалдаги билимлар ва қонун талабларига риоя қилиб биз кўрсатгандек хатоларни аниқлаб, бартараф этишга чақирамиз.
Н. МУҲАММАДИЕВ