Касб одобига ҳурмат, Сиз нима дейсиз…

Касб-ҳунарлар орасида тиббиёт ходими, шифокорлик касби энг нозиги ҳисобланади. Чунки улар бевосита инсон саломатлиги ва тақдири устида ишлайдилар. Бинобарин, бу икки томон нутқ маданияти ёки нутқ одоби бир-бирига чамбарчас боғланганлигини кўрамиз.
Билвосита биз одоб тушунчасининг моҳиятини эслайлик. Одоб жамиятда, кишилар билан муомилада ўзини тута билиш; ахлоқ тарбия ва унинг нормаларидир. Биз кўзда тутган нутқ табиийки, маърифат, маънавият билан ва албатта, тиб илми билан ҳам боғлиқдир. Одоб тушунчаси эса ахлоқ, тарбия, унинг нормалари билан изоҳланади. Шу маънода, юқорида келтирилган фикрлар тиббиёт ходимларининг касбга муносабати, ахлоқ-одоби, шунингдек, шифокор ва беморлар орасидаги турли муносабатларни намоён этувчи муҳим тушунчалардир. Яна шу ўринда таъкидлаш муҳимки, тиббиёт ходимларининг ўз касбий мажбуриятларига риоя этишини таъминлаш, манфаатлар тўқнашуви ва коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрьдаги 5590-сонли «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йилнинг 17 июлида 161-сонли буйруғига асосан, «Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодекси» тасдиқланди. Аммо, касб одобига туман тиббиёт бирлашмасидаги ҳамшираларининг барчаси ҳам амал қилишмоқдами? Беморнинг дардига деярли шифокорларимиз ширин сўзи билан малҳам бўлишади. Дард билан курашаётган бемор ширин сўзнинг гадосига айланади. Қабулига келган беморни ҳамширалар кулиб қарши олишса беморда қандай кайфият юзага келади-ю, саломингизга ҳам алик олмасдан гўёки ўз ишини мажбуран бажараётган ҳамширалар қарши олишса қандай вазиятга тушишади? Ўзим вазият тақоза қилиб кўп маротаба туман тиббиёт бирлашмасидаги болалар бўлимида фаолият олиб бораётган лаборант ҳамширалар билан мулоқот жараёнида беморлар билан муомила маданиятини яхши деб баҳоламадим. Касб одобини англамаган ҳамшираларни муомила маданиятига тайёрлаш вақти келмадимикан? Болалардан (гепатитга) қон таҳлили олиш учун лаборатория хонасидан муолажа хонасига юборишади. Муолажа хонасидаги ҳамшира бемор болаларга қилаётган муолажасини тўхтатиб қон олишга тўғри келади. Лаборатория хонасида 3-4 ҳамшира лобарантлар бириктирилган. Ушбу таҳлилни ҳам гигиена қоидаларга амал қилган ҳолда, бир марталик тиббиёт қўлқобидан фойдаланишиб, лаборатория хонасида олишса барча учун қулай ва хавфсиз бўлади. Зеро, ширин сўз билан барча касалликларни енгиб, соғлом ҳаётга қайтишимиз мумкинлигини ёдда тутайлик.

Райҳон Менгзияева