Кўзидан чиқарманг ҳеч қачон кўз ёш,
Аламдан ёнса ҳам бермоқда бардош,
Гўзаллардан гўзал камон қаламқош,
Онамиз, синглимиз, опамиз АЁЛ!
Аёл тимсолида биз меҳрибон она, саришта уй бекаси, ўз касбининг етук мутахассисини кўришимиз мумкин. Бир вақтнинг ўзида ҳам иш фаолиятига, фарзанд тарбиясига, оила ташвишларига вақт ажрата оладиган аёлларга қанча таъриф берсак озлик қилади. Салима Валиева 1968 йил 15 январда зиёлилар оиласида дунёга келди. Отаси Хўшбоқ Валиев узоқ йиллар раҳбарлик пиллапоясини забт этиб, ёшларга таълим –тарбия бериб кўплаб шогирдларни камолга етказган. Педагоглар оиласида улғайган Салима опа ҳам ота касбини эгаллаб ушбу соҳада меҳнат қилди. 1989 йилдан буён ҳозирги вақтгача туманимизнинг ривожланиши йўлида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Донишманд халқимизнинг ҳар нақли чуқур маънога, ҳаётий асосга, сернаф сабоққа эга. Бежизга гапни «Илдизига тортади япроқ» иборасидан бошламадик. Бу фикр айнан ўз маъно-моҳиятида ҳам, кўчма тарзда ҳам беинкор ҳақиқатга йўғрилган. Илдизи бут, бешикаст дарахт ҳамиша гуркираб ўсади. Япроқларининг кўм-кўк, кўркамлигидан тортиб, сершоху сермевалигигача шунга боғлиқ. Айнан педагоглик соҳасида фаолият юритишида онаси Улдона аямизга ҳавас қилган десак адашмаймиз. Улдона аямиз турмуш ўртоғи Хўшбоқ Валиев билан 8 нафар фарзандни тарбиялаб, элимиз корига ярайдиган фарзандлар қилиб вояга етказди. Уй бекаси бўлишига қарамасдан фарзандларининг таълим олиши жараёнига алоҳида эътибор қаратди .Оила юмушларига ҳамда иш фаолиятини тўғри танлай олишига ҳам панд насиҳатларини ўз ўрнида бера олди. Фарзандлари билан елкама-елка туриб суянчиқ бўлди. Албатта, бундай натижаларга эришиш учун ортимиздан кимнингдир кўмаги ҳамда ишончи керак бўлади. Салима опанинг оиласида ҳам буларнинг барчаси мужассам эди. Салима опа ҳам 4 нафар фарзандни оқ ювиб, оқ таради. Ватанни – Ўзбекистонни онасидек ардоқлашга ўргатди. Ҳозирги кунда 7 нафар набиранинг севимли бувижонисига айланган. Ҳар бир қилган меҳнатимиз ўз натижасини бериши айни ҳақиқатдир. 2017 йил “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони, 2020 йил “Меҳр – Саховат” кўкрак нишони, 2021 йил “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди. Салима опа ўз иш фаолияти давомида кўплаб оилаларни ажрим ёқасидан олиб қолди, бегуноҳ фарзандларнинг етим бўлишининг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Кўплаб ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига, ўзгалар кўмагига муҳтож бўлган фуқароларга беминнат хизмат кўрсатиб келмоқда. Салима опада ҳам салоҳиятли раҳбар, меҳрибон она, жонкуяр оила бекаси тимсолини бир вақтнинг ўзида кўра олишимиз мумкин. Узоқ йиллик меҳнати самараси бугун ўз мевасини бермоқда. Бирга ишлаётган жамоаси, туманимиз аҳли ҳамда аёллари номидан 54 ёшга тўлиши муносабати билан муборакбод этиб қоламиз. Оилавий бахт, хотиржамлик, иш фаолияти давомида доим юқори натижаларга эришишини тилаб қоламиз. Доим шундай самимий, дилкаш,меҳрибон она бўлиб қолишларини истаймиз.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА