Қумқўрғон ҳудудида ғалла ўримини уюшқоқлик билан ўтказишга 46-14 отряд раҳбари Б. Менглибоев бошчилигидаги бир гуруҳ ташкилотчилар сафарбар этилган. Отряд аъзоларидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси А. Каримов, ФВБ ходими А. Алиқулов, Ёнғин хавфсизлиги бўлими ходими Ч. Болтаев, Миллий гвардия ходимлари берилган топшириқларни бажариб, ғаллани сифатли ўриш, нес-нобуд бўлишининг олдини олиш, талон-тарожликка йўл қўймаслик учун ҳаракат қилмоқда. Ака-ука Холбой ва Чори Артиқов, Мамаюсупов комбайнларда ризқі-рўз манбаи ғаллани ўраяпти. Донлар 4 та автотранспортда туман Дон қабул қилиш масканига ташилаяпти.
-Биз чўл ҳудудидаги фермер хўжалигида етиштирилган ғаллани йиғиб топширишда фаол қатнашаяпмиз. ғаллазорда мўл ҳосил етиштирилганлиги учун 3 та фермер хўжалиги йиллик шартнома режасини бажарди. Ҳ. Чориев бошлиғи “Боботоғ” фермер хўжалиги аъзолари 50 гектарга деҳқончилик қилди. 132,3 тонна давлатга дон сотиш шартнома режасини туманда биринчи бўлиб бажарди. Ў. Ражабов бошлиқ “Покиза токзори” фермер хўжалиги ғаллакорлари 31,1 гектардан 87,6 тонна ғалла топшириб, йиллик топшириқни ошириб бажарди. Т. Чориев бошлиқ “Чориев Тўрабой” фермер хўжалиги деҳқонлари 58 гектардан 178,4 тонна ғаллани давлатга сотиб зафар маррасига етди, – деди отряд бошлиғи.
Ўрим отряди ёрдамга борган навбатдаги ғаллазор “Очамойли Қумқўрғон” фермер хўжалигига қарашли. Далаларда мўл ҳосил тўпланган. 19 гектарда 65,1 тонна ғалла давлатга топширилиши режалаштирилган. 2 та комбайн донни ўриб, автотранспортларга тўкаяпти. Дон ўз вақтида қабул қилиш масканига етказилиб, тарозида ўлчанаяпти. Автотранспорт ҳайдовчиси Ш. Райимназаровнинг меҳнати фермер ва отряд фаолларини мамнун қилаяпти. Ҳали ҳосили мўл далалар кўп. Барча куч ва имконият нон ва нон маҳсулотларини тайёрлашда энг зарур маҳсулот ғаллани нес-нобуд қилмасдан ўриб, топширишга сарфланмоқда.
Н. МУҲАММАДИЕВ