ПИЛЛАКОРЛАР ДОВОН ОШМОҚДА

Ипак толаси қимматбаҳо саноат хом ашёси. Бу маҳсулотга эҳтиёж баланд. Шунинг учун пиллакорлар кўп йиллардан буён ипак қурти боқиб, сифатли пилла топшириш тажрибасини оширган. Бу йилги табиатнинг ноқулай об-ҳаво шароитида меҳнат қилишга тўғри келди. Ипак қурти боқиш жараёнида қўшимча қийинчиликларни мардонавор енгди. Омилкорлик асосида ишлаб пилла етиштирди.
Пиллакорларнинг оппоқ пилла маҳсулотларини қабул қилишга янгича шароит яратаётганлиги ҳам соҳада улкан ўзгаришларга қўл урилаётганлигини кўрсатаяпти. Кенг майдонда янги пиллахона қурилиб, яхши шароитлар барпо этилаяпти. Бу пилласи тайёр бўлган фермер хўжаликлари, пиллакорларнинг эртанги кунга ишончини ошираяпти. Етти хазинанинг бири бўлган пилласини олиб келиб пиллахонага топшираяпти. Н. Мирзаев ҳудудидаги “Раҳмонали Шарифжон” фермер хўжалиги пиллакорлари пилла қабул қилиш бошлангач, бир иш кунида шартнома режасини бажарди. Қабул масканига 1112 килограмм кумуш тола топшириб биринчилардан бўлиб зафар қучди. “Гулистон Диёржон” фермер хўжалиги пиллакорлари икки иш кунида 650 килограмм пилла топшириб аҳдига содиқлигини кўрсатди. “Азиза Асал Жасмина” фермер хґжалиги пиллакорлари 845 килограмм, “Муртозо Дониёр” фермер хўжалиги аъзолари 910 килограмм пилла топширишга эришиб ғалаба довонидан ошди. С. Бойматов ҳудуди пиллакорлари кўп минг килограммчилар мусобақасида илдамлигини кўрсатаётганлиги ҳам қувонарли.
Туманимиз пиллакорлари бу йил 200 тонналик улкан пилла хирмонини бунёд этишни мақсад қилган. Ҳозиргача 177 тонна маҳсулот топшириб ғалаба маррасига яқинлашиб келаяпти.