Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда соҳибкорларнинг меҳнати қадрли. Улар инсонлар саломатлиги ва тўқ яшаши учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб бераяпти. Туманимизда экологик тоза, сара маҳсулотлар етиштиришда бой тажриба тўпланган. Кўп йилдирки, аҳолининг талабига яраша сифатли, тўйимли неъматлар тайёрланаяпти.
2020 йил ҳосили учун асосий майдонларга сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва бошқа экинлар экилди.
Туман бўйича режадаги 890 гектар ўрнига 900 гектар майдонга экинлар экилиб, амалда иш 101 фоизга бажарилди. Барча секторлар ва ҳудудларда топшириқ тўлиқ амалга оширилди. Барча ҳудудда сабзавот экиш режаси 100-114 фоизга бажарилди. С. Бойматов, Н. Мирзаев, Ш. Мирзаев, Камолот, Қумқўрғон, Ўзбекистон, Оққопчиғай ҳудудларида режадагидан кўп майдонда озиқ-овқат маҳсулотлари экилди. С. Бойматов ва Н. Мирзаев ҳудудларида помидор, сабзи, карам, бошқа сабзавотлар, картошка, полиз, дуккакли, мойли экинлар экишга яхши аҳамият қаратилди. Беш қаҳрамон ҳудудида ҳам бу ишлар кўп амалга оширилди. Барча ҳудудларнинг соҳибкорлари картошка, полиз, дуккали, мойли экинлар экиш режасини тўлиқ бажарди.
Туманимизда боғ-ток қатор орасига ҳам сабзавот, полиз, дуккакли, мойли ва бошқа экинлар экилди. Туман ҳокими Р. Гаппаров раҳбарлигидаги 1-секторда режадаги 320 гектар ўрнига 336,3 гектар, туман прокурори Х. Хамроев раҳбарлигидаги 2-секторда 264 гектар ўрнига 264,3 гектар, туман ИИБ бошлиғи Ў. Шукуров раҳбарлигидаги 3-секторда 65 гектар ўрнига 66,1 гектарга экинлар экилиб, топшириқ ошириб бажарилди. С.Бойматов, Н. Мирзаев, Ш. Мирзаев, Камолот, Ўзбекистон ҳудудларида боғ-ток қатор орасига экин экиш режаси ортиғи билан амалга оширилди. Барча ҳудудларда полиз ва дуккакли экинлар экиш вазифаси тўлиқ ҳал этилди. Туман бўйича ҳисоблаганда 719 гектар боғ-ток қатор орасига хилма-хил қишлоқ хўжалиги экинлари экиш режалаштирилган эди. Амалда 736,1 гектарга экилиб, топшириқ ортиғи билан бажарилди. Аксарият ҳудудлардаги деҳқонларнинг фаол ишлаганлиги натижасида туманда барча кўрсатгичлар бўйича ютуқлар қайд этилди.
Н. МУҲАММАДИЕВ