Халқ манфаатлари рўёби

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов раислигида ҳудудларни иқтисодий – ижтимоий ривожлантириш, коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражаси ва иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича белгиланган зарур чора-тадбирлар натижаси таҳлилига бағишлаб ўтказиб келинаётган навбатдаги йиғилиш Қумқўрғон туманида бўлиб ўтди.

Йиғилишда ҳудуддаги эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг барқарор ишлашини таъминлаш билан боғлиқ ишлар таҳлил қилинди. Сектор раҳбарлари ва мутасадди раҳбарларнинг бажараётган ишлари танқидий таҳлил қилинди ҳамда масъулият ва жавобгарликни оширишга алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди. 2019 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019 – 2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, у ҳудуд иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Йиғилишда мазкур қарор ижроси доирасида туманда ишлаб чиқариш ва меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш, туманнинг меъморий қиёфасини тубдан ўзгартириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда эришилган натижалар қайд этилиши билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар ҳам алоҳида тилга олинди. Зиммасидаги вазифаларни бажаришда сусткашлик билан ишлаётган айрим раҳбарлар фаолияти кескин танқид қилинди.
Райҳон МЕНГЗИЯЕВА