Тарихий илдизлари уч минг йилдан чуқурроқ қадимиятга бориб тақалувчи ўзбек давлатчилиги кўп маротаба юксалишларни бошидан кечирган. Энг қадимги давлат уюшмаларининг шаклланиши натижасида тараққий топган давлатларнинг вужудга келиши, бу давлатларнинг Ғарб ва Шарқ мамлакатлари билан Буюк Ипак йўли орқали олиб борган алоқалари самараси ўлароқ Марказий Осиё халқлари маданиятининг гуркираб ивожланиши омиллари илм-фан аҳлини кўпдан бери қизиқтириб келади.
Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон инсоният цивилизацияси қарор топган минтақалардан бири сифатида ўз ўрни ва салоҳиятига эга ҳудуд саналади. Ўз даврида ҳозирги замон илм-фанининг илк пойдеворини қўйган ва ривожлантирган аждодларимиз қадим-қадимлардан Ғарб Шарқ халқлари яратган тафаккур, ғоя, кашфиётлар ва донишмандликни синчиклаб ўрганганлар. Шунинг учун ҳам ўрта асрларда ҳам Қадимги Римликлар ўзаро “Ex Oriente lux” яъни “Нур Шарқдандир”[1] иборани кўп бора ишлатилганлиги манбаларда қайд этилган.
Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.
Буюк аждодларимиз ўз илмий мероси билан инсоният цивилизациясига муносиб ҳисса қўшганлар. Шарқ ва Ғарбнинг илмий дунёси бирлашган ва уйғунликда ривож топган. Алломаларимиз фақат Марказий Осиёнинг илм-фан ютуқлари билан чегараланиб қолмасдан, хорижлик мутафаккирларнинг ҳам илмий ютуқларидан баҳраманд бўлганлар ва уларни янада бойитишга алоҳида эътибор қаратганлар.
Буюк алломаларимиз ўзларига мансуб бўлган фан соҳаларидаги фаолиятларидан ташқари, қадимги юнон тилида ёзилган Платонинг (“Қонун ва Тимей”), Аристотелнинг (“Сиёсат”, “Категориялар”, “Аналитика”, “Пайдо бўлиш ва йўқолиш тўғрисида”, “Жон ҳақида”, “Этика”), Гиппократнинг (“Оғир касалликлар”, “Инсон табиати”), Галеннинг (“Ҳунар”, “Қон томири ва касалликни даволаш”, “Анатомиялаштириш”), Эвклиднинг (“Геометрия асослари”, “Чўққилар”), Птоломейнинг (“Алмагест ал-Мажистий”), Архимеднинг (“Шар ва цилиндр тўғрисида”, “Доирани тўрт ва етти қисмга бўлиш”, “Туташувчи доиралар”), Апполония Бергскийнинг (“Конуссимон кесишмалар”, “Ясси кесишмалар”), Аристарх Самосский, Теофраст, Прокл, Александр Афродизий, Порфирий асарлари[2] машҳур бўлиб, қадимги юнон ва эллинизм даврида яшаган олимларнинг математика, фалсафа, тиббиёт, география, астрономияга оид бир неча юзлаб энг сара асарларини Шарқ аллома ва мутафаккирлари томонидан араб ва сурёний тилларга таржима қилганлар. Мана шу таржималар ва ўзларининг асарлари шу тариқа Қадимги Шарқ фанининг шаклланиши ва юксак тараққиётида муҳим ўрин тутган.
X-XI асрларга келиб Хоразмда маърифатпарвар шоҳ Абуль-Аббос Абдуллох ибн Харун ал-Маъмун (786–833 й) раҳнамолигида Гурганжга тўпланган олимлар иштирокида 1004 йилда “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”) ташкил топди. Бу илмий марказ тарихга “Маъмун академияси” (Х аср охири — XI аср бошлари) деган ном билан кирди. юнон муаллифларининг томонидан яратилган асарлар таржима қилинди. Ҳалифалар Мансур, Ҳорун ар-Рашид (763-809 й), Маъмун (786–833 й) ҳам катта юнон тилида ёзилган асарларга эътибор қаратдилар, натижада VII–IX асрларда Яқин Шарқда Аристотелнинг деярли барча асарлари араб тилига таржима қилинди ҳамда уларга шарҳлар ёзилган.
“Маъмун академияси”га раҳбари сифатида Ҳазрат Абу Райҳон Беруний[3] (973-1048 й) қатор қомусий олимлар билан биргаликда астроном ва математик олим Абу Наср Ибн Ироқ[4] (960– 1036 й), табобат илми намоёндаси Абу Али Ибн Сино (980-1037 й), астроном, тарихчи, тилшунос олим Абу Саҳл Масиҳий (таҳ 971-1011 й), мантиқшунос олим Абулхайр Ибн Ҳаммор[5] (941-1048 й), Абу Фазл Байҳақий[6], Абу Мансур Абдумалик Ибн Муҳаммад Ибн Исмоил Ас-Саолибий Ан-Найсабурий (961-1038 й), Аҳмад Ибн Муҳаммад Ас-Саҳрий (таҳ – 1015 й), Абу Али Ал-Ҳасан Ибн Ҳорис Ал-Ҳубубий Ал-Хоразмий (X-XI аср), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Ҳомид Ал-Хоразмий (X-XI аср)[7] каби кўплаб илмий асарлар таржима қилиниб, жаҳон фани ривожига катта ҳисса қўшдилар.
Буюк алломаларимиз ёшлигиданоқ ҳақиқий илм бир неча тилларни билишни тақозо этишини жуда эрта англаб етганлар ва шу боис ўзининг она тилидан ташқари араб, иврит, форс, сурёний, юнон, санскрит тилларини чуқур ўрганганлар. Манбаларда Абу Наср Форобийнинг (797-865 й) кўплаб тилларни билганликлари қайд қилинган.
Шу билан бирга Фаробийнинг Аристотель асарларига шарҳлари машҳурдир. Берунийнинг Аристотелга муносабати Абу Али ибн Сино билан ёзишмасида ўз ифодасини топган. Уларнинг ёзишмалари асосан Аристотелнинг “Фазо ҳақида” ва “Физика” асарлари бўйича олиб борилган эди.
Улуғ ватандошимиз Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий алгебра фанининг асосчиси бўлиши билан бирга, турли фанлар соҳаларида самарали ижод қилиб, нафақат Марказий Осиё, балки дунё фанларининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний каби олимлар ҳозирги замон ҳисоблаш тизимини кашф этдилар. Манфий ва ирриоционал сонлар билан ишлаш йўлини, илдиз чиқариш, квадрат тенгламаларни ечиш усулларини топдилар ва ўз кашфиётлари билан дунё фанининг чўққисига чиқдилар.
Ўрта асрларда ўлкамизда кўплаб илм ва маънавият масканлари фаолият кўрсатган. Ушбу марказларда жуда кўплаб олим ва уламолар ижод қилган, халқнинг маърифатини кўтарган. Масалан, бухоролик олимлар сони ҳақида Наршахийнинг шундай ёзади: “Агар Бухоро олимларининг ҳаммасини зикр қилсак, бир нечта дафтарни ташкил этади”[8].
Ёш авлод онгига жаҳон илму фани ва маданияти ривожига беназир ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимиз ҳаёти ва ижодини, шунингдек, юртимизда бунёд этилган моддий меросни асраб-авайлаш масъулиятини сингдириш, уларни муносиб ворислар этиб тарбиялаш бугунги кунда ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Истиқлол йилларида алломалар ҳаётига оид кўплаб асарлар ўзбек тилида чоп этилиб, халқимизга туҳфа этилди. Бу асарлар ёшларимизни маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилмоқда. Марказий Осиё заминида камол топган, турли фанлар ривожига ҳисса қўшган алломалар меросини ўрганиш инсонни тараққиётга етаклайди, жаҳолатдан йироқлаштиради ҳамда қалбида юртга муҳаббат, халққа хизмат, Ватанга садоқат туйғуларини мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, бугун халқларнинг бир-бири билан бўлган алоқаларини уларнинг маданий қадриятларини, буюк мутафаккирлари маънавий меросини ўрганишчалик тез яқинлаштира олмайди. Ўзбекистоннинг дунёдаги давлатлар билан маданий, маънавий-маърифий соҳада ҳамкорлик истиқболлари улкан. Зеро, халқлар бир-бирининг тарихи, маданияти ва маънавиятини яхши билса, давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳам шунча мустаҳкам бўлади.
Ҳолбуки, буюк аллома ва мутафаккирларининг илмий мероси фақат бир миллат ёки халқники эмас, балки бутун бир инсониятнинг маънавий мулкидир ҳамдир.
Ш.МАМАДИЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сурхондарё вилояти
Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари