Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар мамлакати

Бугуни кечагисидан яхшироқ, бахтлироқ, саодатлироқ бўлиш истаги
инсонда келажакка умид, ишонч ҳиссини уйғотади
Маълумки, ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ёш авлоднинг комил тарбияси ва изчил тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ. Айнан шунинг учун ҳам, ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг давомийлигини таъминлашга қаратилган барча стратегияларда намоён бўлади. Бу эса, мамлакат ёшларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширишни тақозо этади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу борада самарали сиёсат олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилингани, бу йўналишда кенг қамровли Давлат дастури қабул қилиниб, барча саъй-ҳаракатлар ёш авлод камолига қаратилаётгани ҳам фикримиз далилидир.
Бу борада Ўзбекистон томонидан қатор халқаро ташаббусларнинг илгари сурилаётгани ва уларнинг ҳаётга жорий этилаётгани эса, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустақкамлашга хизмат қилмоқда. Дарҳақиқат, ҳар қандай давлатнинг юксак тараққий этиши, халқининг фаровонлиги ёшларга яратиб бериладиган имконият ва қулайликлар билан баҳоланади. Яъни, мамлакат тараққиётига киритиладиган юқори самарали сармоя ёшлар таълим-тарбиясига йўналтирилган инвестиция экани тарих исботлаган ҳақиқат. Шу маънода, янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессансга дадил қадам қўйиши замонавий инновацион билимларни эгаллаган, ҳар томонлама етук ва баркамол, инсон капитали соҳиби бўлган ёш авлоднинг эртанги кучли интеллектуал салоҳияти, иқтидори ва қобилиятига боғлиқ. Ўзбекистондаги барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун сарфланаётган харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпини ташкил этмоқда. Табиийки, бундай катта харажатларни ҳар қандай давлат ҳам кўтара олмайди, аммо қанчалик оғир бўлмасин, мамлакатимизда бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар излаб топилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур харажатларни харажат эмас, балки келажак учун қўйилган сармоя деб ҳисоблаб, таълим даражаси ва сифати давлатнинг истиқболини белгилаб берадиган муҳим омил эканини таъкидламоқда.
Ҳақиқатан ҳам, ислоҳотларнинг тақдири, натижаси, биринчи навбатда, кадрлар савиясига, уларнинг давр ва тараққиёт талабларига нечоғли жавоб бера олишига боғлиқ. Шу мақсадда мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мактаб таълими тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди. Вилоятларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилмоқда. Олий ўқув юртларига қабул квоталари йил сайин ошириб борилмоқда. Сиртқи ва кечки, махсус олий таълим шакллари тикланди. Кейинги икки йил ичида 20 га яқин ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари филиаллари очилди. Мамлакат таълим тизимида бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратиш йўлида амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда, биринчи навбатда, фарзандларимизга боғча, мактаб ва олий ўқув юртида сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилади.
Бир сўз билан айтганда, ёшларнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук ва комил шахслар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, қулай, илғор ва инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч-имкониятларини ишга солмоқда. Мақсад – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, мамлакатимиз дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига чиқиши учун интеллектуал ва маънавий етук, ташаббускор ёшларни янги Ўзбекистоннинг драйверига айлантиришдан иборат.
Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда жамиятнинг энг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёш авлодга “муаммо” деб эмас, балки эртанги тараққиётни таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси, деб қаралмоқда. Натижада, юксак билимли, ғайрат-шижоатли, замонавий фикрлайдиган, мустақил, қатъий позицияга эга ёшлар ҳал қилувчи кучга айланиб бормоқда.
Cарвиноз Арзиқулова,
33-мактабининг 10 синф ўқувчиси