Юртимизни шарафлаган моҳир спортчи

«Умид ниҳоллари» маҳалласи кучли полвонлари билан фақат Қумқўрғон туманида довруғ таратиб қолмай, Сурхон воҳаси, юртимиз бўйлаб, ҳатто дунёга машҳур бўлди. Бунга асосий сабаб маҳаллада миллий курашга қизиқувчилар кўп. Улар кураш мусобақаларига жуда қизиқади. Таниқли полвонлар ёш авлодга бу спорт тури усулларини ўргатиб, тоблаяпти. Давраларда полвонлар билан кураштириб, маҳоратини ошираяпти. Устоз кўрган шогирдлар кураш усулларини пухта ўргангач, катта мусобақаларда ҳам ғолиб чиқмоқда. Таниқли спортчи, Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони, Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларнинг ғолиби ва совриндори Ҳикматуллоҳ Тўраев ҳам шу маҳаллада 1995 йил 25 майда туғилиб курашда зуваласи пишди. Бобоси Тўра Ибрагимовнинг айтишича, унинг аждодлари полвон бўлган, бобоси ва тоғаси курашда довруғ таратган. Ҳикматуллоҳ невараси она сутидан айрилибдики, бобосининг уйида тарбияланиб катта бўлди. У 3 ёшидан буён курашга қизиқди. Кураш мусобақаларини мириқиб томоша қилди. Қишлоқ болалари билан курашди. Ҳали мактабга таълим-тарбия ўрганишга бормасиданоқ кураш усулларини биларди.
12-мактабнинг 7-8-синфларда ўқиганида спорт залида моҳир мураббий Ғофур Мухторовнинг устозлигида кураш машқларини ўрганиб, қўллашни такомилаштирди. Ҳикматуллоҳ ўша пайтда туман мусобақаларида қатнашиб кўп бора фахрли ўринларни олди. Туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби қошидаги кураш тўгарагида ҳам устози билан машғулотларда қатнашди. Қумқўрғон Нефть ва газ касб-ҳунар коллежида ўқиган чоғларида кураш билан машғул бўлишни канда қилмади. Туман ва вилоят мусобақаларида ғолиблик одимларини давом эттирди. Шу пайтда Термиз олимпия захиралари коллежи мураббийси РЎзи Ўтаевнинг назарига тушди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ўқув ва спорт машғулотларида қатнашишни вилоят марказидаги таълим муассасасида давом эттирди. Миллий курашда қатнашаётган полвонлар бир вақтда самбо ёки дзюдо спорт турлари усулларини ҳам ўрганиш одати бор. Ҳ. Тўраев кураш ва дзюдо спорт турларига меҳр қўйди. Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Навоий вилоятларидаги мусобақаларда қатнашиб маҳоратини оширди. Навоий вилоятидаги ўсмирлар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон чемпиони бўлди. Сўнгра дзюдо бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бир неча марта Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга эришди.
Сурхондарё вилояти дзюдо федерацияси бўлими бошлиғи Бекзод Тўрабоев ютуқларга эришаётган иқтидорли спортчига устозлик қила бошлади. Тумандошимизда халқаро спорт ареналаридаги нуфузли мусобақаларда қатнашиш имконияти пайдо бўлди. Спортда чиниққан, абжир юртдошимиз Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. 2015 йилда Оренбург шаҳридаги жаҳон кубоги ўйинларида чорак финалгача етиб борди. Шу йили Чирчиқ шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинларида олтин медални қўлга киритди. Шундан сўнг спортчимиз жаҳон таснифига кирувчи мусобақаларда фахрли ўринлардан жой олди. 2018 йил ноябрь ойида навбатдаги Гран-при мусобақасида зафар қучди. «Ўзбекистон» спорт аренасида Руминия, Швеция, Франция, Бирлашган Араб Амирлиги спортчиларини енгиб финалга чиқди. Ҳал қилувчи ўйинда Германия спортчиси Игор Вандткени мағлуб этиб олтин медалга сазовор бўлди. 2019 йилга режалаштирилган ўйинлар унга кўп омад келтирди. 73 килограммгача вазн тоифасида Хитой давлатининг Ухан шаҳрида «Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйини»да олтин, Италия давлатининг Неапаль шаҳридаги «Бутунжаҳон ёзги универсиада»да бронза, Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритиб спорт мухлисларини қувонтирди. Шу йили Япония давлатининг Токио шаҳридаги «Будокон» спорт аренасида жаҳон чемпионатида қатнашди. Режадаги Гран-при-2019 мусобақасида 73 килограмм вазнда тенгсиз эканлигини амалда исботлади. Финал ўйинида Тожикистон давлати спортчиси Бекруз Хочазода билан курашди. Аввалига ҳисобда ортда қолди, охирги сонияларда ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча вақтда ғалаба қозонди. Гран-при мусобаіасида юқори ўринни эгаллади.
2021 йилда Ҳикматуллоҳ Тўраевнинг спортдаги фаолияти ва туманимиз учун катта воқеа юз берди. У туманимиз жисмоний тарбия ва спорти тарихида биринчи бўлиб XXXII Ёзги Олимпия ўйинларида қатнашди. Спортчимиз ҳаётида иккинчи марта Япониянинг Токио шаҳридаги дунё миқёсидаги мусобақада иштирок этиш шарафига эришди. Шу йили ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирлигининг Аби-Даби шаҳрида «Катта дубулға» туркумига кирувчи мусобақада зафарли натижаларини биттага оширди. Чорак финалда Тожикистон спортчиси Сомон Маҳмедбековни мағлубиятга учратди. Ярим финалда кучли спортчи билан мусобақалашди. 2012 йилги Лондондаги Ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби, 2016 йилда Рео-до Женеро шаҳрида шу мусобақанинг кумуш, 2020 йилда Токиодаги олимпия баҳсларида бронза медаллари совриндори Лоша Шоватуашвили тўсиғидан ўтиб, финалга чиқди. Фақат Монголия давлати вакили Цогтбаатар Ценд Очир билан финалдаги ўйинда енгилиб, кумуш медал билан тақдирланди.
-Вилоятимизда ва Тошкентда ўтказилган мусобақаларга доимо бораман. Неварамни тўғри тарбиялаганман. Полвоннинг овқатланиши, юриш-туриши, тарбияси, одамлар билаш муомаласига эътибор қаратдим. Мусобақаларда рақибини ҳурмат қилишга, бир-икки нафар полвоннинг курагини ерга текизгач гердайиб кетмасликка ўргатдим. Тўйларда курашда қатнашаётганда кучли полвонга катта товоқ қўйилганда катта полвон ёнига келиб ўтирса «ака мен сизга қойилман, сиз билан курашмайман» деб айтишни тушунтирдим. У олий таълим муассасасида ўқиди. Термизда Президент соврини учун Ал-ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV анъанавий турнирда ғолиб чиқди. У кўп муосбақаларда қатнашиб кўп совринларни қўлга киритди. Мен ундан фахрланаман. Ҳозир навбатдаги мусобақага тайёрланиш учун жўнаб кетди. Мен шогирдим ва неварамга омад тилайман, – деди устози ва бобоси Тўра Ибрагимов.
Туманимизнинг фахри, республика, Осий ва жаҳон мусобақаларида юртимиз шарафини улуғлаётган Ҳ. Тўраев 26 ёшда. Бу ҳали кўп мусобақаларда қатнашиши учун имкониятлари борлигини кўрсатаяпти. Биз туманимиздан етишиб чиққан полвонга янги зафарларга эришишини тилаймиз.
Нурмуҳаммад
МУҲАММАДИЕВ